Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳрида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди
Апрель 16, 2026. 12:44 • 2 дақ
• 77ҲАЙДАРОБОД, 16 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси Ҳиндистоннинг Телангана штати маъмурий маркази - Ҳайдаробод шаҳрида мамлакатимизнинг туризм имкониятлари тақдимотини ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир «Uzbekistan Airways» АЖ ва Ҳиндистоннинг «Blink Brand Solutions» компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тақдимотда Телангана штатининг сайёҳлик гуруҳларига хизмат кўрсатиш, MICE-туризм, оилавий дам олиш ва бошқа йўналишларга ихтисослашган 60 дан ортиқ туроператори ҳамда компанияси вакиллари қатнашди.
Тақдимот иштирокчилари эътиборига Ўзбекистоннинг тобора юксалиб бораётган туризм салоҳияти, замонавий меҳмонхоналар ва дам олиш масканлари тармоғи, шунингдек, икки давлат ўртасидаги авиақатновлар ҳақида батафсил маълумот ҳавола этилди.
Туризм соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик суръатига алоҳида урғу берилди. Хусусан, сўнгги 5–6 йил ичида Ҳиндистондан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар оқими бир неча баробар ошгани, ушбу йўналишни янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида икки мамлакат ўртасидаги тўғридан-тўғри авиарейслар сони мунтазам равишда ошириб борилаётгани маълум қилинди.
Ҳозирги вақтда “Uzbekistan Airways” Тошкентдан Деҳли, Мумбай ва Гоа шаҳарларига мунтазам рейсларни амалга оширмоқда. Шунингдек, “Centrum Air” авиакомпанияси Деҳли - Тошкент йўналишида парвозларни йўлга қўйди, “Uzbekistan Airways” АЖ эса Наманган - Деҳли йўналиши бўйича қатновларни бошлади.
Ҳиндистон компаниялари вакиллари ҳамкорликни янада кенгайтиришга қизиқиш билдирди. Ўзбекистонда фаол ривожланаётган туризм инфратузилмаси - меҳмонхоналар, транспорт, умумий овқатланиш шохобчалари ва дам олиш масканлари сайёҳлар оқимини оширишда муҳим омил бўлаётгани қайд этилди.
Савол-жавоб сессияси доирасида ҳиндистонлик шериклар виза масалалари, шунингдек, мамлакатимизнинг асосий туристик марказлари - Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа шаҳарларни боғловчи тезюрар поездлар ҳамда авиақатновлар ҳақида тушунтиришлар олди.
Ҳиндистонлик сайёҳлар оқими ортиб бораётганини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Туризм қўмитаси томонидан ҳинд миллий таомларига ихтисослашган кафе ва ресторанлар учун ошпазлар тайёрлаш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилаётгани қайд этилди.
Форум доирасида туризм соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва жозибадор сайёҳлик йўналишларини яратишга бағишланган B2B учрашувлар ўтказилди. Меҳмонларга, шунингдек, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги видеороликлар намойиш этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


