Мустақилликнинг 35 йиллигида “Турон” миллий спорт тури дунёнинг 35 та давлатини бирлаштирди
Сентябрь 01, 2026. 10:30 • 3 дақ
• 52
НЬЮ-ЙОРК, 1 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Турон” ўзбек миллий спорт турининг халқаро географияси рамзий кўрсаткич — дунёнинг 35 та давлатига етди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Турон” халқаро оиласининг кенгайиши қутлуғ айём кунларида ҳам изчил давом этмоқда. Хусусан, 25 август куни Перу полицияси ва ўт ўчирувчилари спорт федерацияси “Турон”ни расман тан олди ҳамда Халқаро федерацияга аъзо бўлиб кириб, ўзбек миллий спорт турининг Жанубий Америкадаги мавқеини янада мустаҳкамлади.
Ушбу халқаро ташаббуснинг рамзий давоми сифатида Нью-Йоркнинг қоқ марказида “Турон”нинг тақдимоти бўлиб ўтди. Таймс-сквер майдонида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросим акс этган видеоматериаллар намойиш этилди.
Бугунги кунда “Турон” географияси Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ҳиндистон, Индонезия, Янги Зеландия, Покистон, Эрон, Озарбайжон, Афғонистон, Япония, Корея Республикаси, Туркия, Буюк Британия, Нидерландия, Польша, Испания, Венгрия, Марокаш, Миср, Нигерия, Уганда, Жазоир, АҚШ, Канада, Мексика, Коста-Рика, Ямайка, Парагвай, Чили, Уругвай, Боливия ва Перу каби мамлакатларни қамраб олган.
2025 йил 15 июль куни Нью-Йорк штатида Халқаро “Турон” федерациясининг ташкил этилиши спорт турини халқаро миқёсда илгари суришда муҳим босқич бўлди. Федерацияни рўйхатдан ўтказиш Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консуллиги кўмагида амалга оширилди.
Бу каби ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, энг аввало, Ўзбекистоннинг миллий мероси, тарихи, маданияти ва урф-одатларини хорижда кенг тарғиб қилиш бўйича олиб борилаётган тизимли ишларнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Халқаро “Турон” федерацияси президенти Фаррух Ниёзимбетов эришилган бу марра нафақат спортни ривожлантириш, балки мамлакатимизнинг миллий қадриятларини дунёга танитиш нуқтаи назаридан ҳам алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади:
“Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги йилида “Турон” оиласи айнан 35 та давлатни бирлаштирди. Ушбу рақам ортида ўзбек миллий спортига самимий қизиқиш билдираётган турли халқлар ва маданиятлар вакиллари турибди. Мақсадимиз фақат мусобақалар ўтказиш билан чекланмайди. “Турон” орқали дунёни Ўзбекистон ва унинг бой миллий мероси билан яқиндан таништиришдир”.
Keyинги йилларда “Турон” спорт турининг халқаро миқёсда ривожланиши жадал суръат олди. 2025 йил декабрь ойида Тошкентда биринчи халқаро конференция бўлиб ўтган бўлса, жорий йилнинг 1–5 июнь кунлари Ўзбекистон пойтахти 25 та мамлакатдан 500 нафардан ортиқ ёш спортчи иштирок этган биринчи Жаҳон кубогига мезбонлик қилди.
Шу билан бирга, таълим йўналиши ҳам кенгаймоқда. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида “Турон” бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилиб, илк бор 28 нафар абитуриент ўқишга қабул қилинди. Уругвай ва Боливияда ушбу спорт турини мактаблар, университетлар ҳамда полиция ходимларини тайёрлаш тизимига жорий этиш бўйича ташаббуслар илгари сурилди.
“Турон” бугунги кунда нафақат миллий спорт тури, балки халқаро майдонда мамлакатимиз ва унинг бой меросини муносиб тарғиб этаётган Ўзбекистоннинг ўзига хос спорт элчиси сифатида ҳам намоён бўлмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси