Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди Покистонда кенг нишонланди
Февраль 14, 2026. 14:30 • 4 дақ
• 92ИСЛОМОБОД, 14 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонасида атоқли шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Покистон илм-фани ва таълим соҳаси намоёндалари, бобуршунос олимлар ва тарихчилар, олий таълим муассасалари талабалари ҳамда фаол ватандошлар иштирок этди.
Тадбир Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаевнинг Бобур ҳаёти ва фаолиятига доир маърузаси билан бошланди.
Элчи Бобурнинг ҳаёти ва ижодига, буюк аждодимизнинг ватанпарварлик ва бунёдкорлик ғояларига алоҳида эътибор қаратди. Бобур ижодида асосий мазмунни ташкил этган чин инсоний фазилатлар, хусусан, Ватан соғинчи моҳирона ифода этилгани қайд этилди. Ўзбек халқининг улуғ фарзанди ўзининг машҳур асарлари билан тарихнавис адиб, лирик шоир ҳамда ижтимоий масалалар ечимига ўз ҳиссасини қўшган олим сифатида жаҳон тарихида муносиб ўрин эгаллагани таъкидланди.
Ўзбекистонда Бобур меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам сўз юритилди. Андижонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «Бобур шаҳри» бунёд этилаётгани, бу эса унинг шахсига кўрсатилаётган юксак эътиборнинг ёрқин намунаси эканлиги қайд этилди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Бобурийлар сулоласи вакилларининг Покистон ҳудудида ҳукмронлик қилган даврлари ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берилди. Таъкидланганидек, Бобурийлар томонидан Покистонда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари халқларимизни ўзаро боғлаб турган муҳим ришталардан биридир.
«Заҳириддин Муҳаммад Бобур Марказий Осиё ва Жанубий Осиё тарихида муҳим шахслардан бири ҳисобланади. Унинг давлатчилик асослари замонавий Покистоннинг ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон ва Покистон Бобур меросини ўрганиш ва уни келажак авлодларга етказиш йўлида яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу борада икки мамлакатнинг Бобур ва Бобурийлар меросини ўрганиш бўйича тадқиқот марказлари фаолиятини алоҳида таъкидлаш керак. Бироқ, улуғ аждодимизнинг Покистон ҳудудидаги фаолияти етарлича баҳоланмаган, деб ўйлайман», — деди Ўзбекистон элчиси.
Дипломатик ваколатхона раҳбари, шунингдек, Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси томонидан Бобурийлар меросини асраб-авайлаш ва сақлаш борасидаги ишларга ҳам батафсил тўхталди.
2025 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти делегациясининг Покистонга ташрифи ташкил этилгани маълум қилинди. Ташриф натижасида ҳамкорликда Бобурийлар меросини ўрганиш ва асраб-авайлашга бағишланган беш қисмли ҳужжатли фильм тайёрланди ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали намойиш этилгани билдирилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Президентининг жорий йил 5–6 февраль кунлари Покистонга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Покистон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида Бобурийларнинг илмий-маърифий, маданий ва меъморий меросини сақлаш, тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш тўғрисида келишув имзолангани иштирокчиларга етказилди.
Бобурийлар ва Темурийлар мероси билан боғлиқ академик, илмий-тадқиқот ва маданий тадбирларни амалга ошириш мақсадида Покистонда Бобурийлар тадқиқот марказини ташкил этиш ишлари давом эттирилмоқда.
Қайд этилганидек, ушбу вазифаларнинг амалга оширилиши натижасида Покистон ҳудудидаги Бобур ва Бобурийларга оид ноёб маданий меросни сақлаш, шунингдек, аждодларимиз номи билан боғлиқ тарихий мақбараларни ободонлаштириш имкониятлари янада кенгайиши кутилмоқда.
«Умумий келажак жамияти» таҳлилий маркази ижрочи директори Халид Таймур Акрам ўз навбатида, Шавкат Мирзиёевнинг икки минтақа боғлиқлигини қайта тиклаш борасидаги ташаббуси Ўзбекистон ва Покистон учун тарихий аҳамиятга эга эканлигини, Заҳириддин Муҳаммад Бобур давридан бошланган биродарлик ришталарини қайта тиклаш учун улкан имконият эканини таъкидлади.
Унинг айтишича, Бобурнинг Покистон ҳудудида мустаҳкам давлат тузгани Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқалари ривожида муҳим босқич бўлди. Бу даврга ўзаро боғлиқликнинг бошланиш нуқтаси сифатида қаралиши керак. Жорий йилда Покистонда Бобур асос солган давлатнинг 500 йиллиги кенг нишонланади.
«Бобур меросини тадқиқ қилишга Покистонда катта аҳамият қаратилмоқда. Икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида алоқаларни чуқурлаштириш ва жадаллаштириш, қўшма тадқиқот ишларини олиб бориш, Бобур ва Бобурийлар даврига оид қўлёзмалар ҳамда илмий манбаларни биргаликда ўрганиш, ўзаро алмашув дастурларини ташкил этиш академик ва амалий жиҳатдан жуда муҳим, деб биламан», – деди эксперт Таймур Акром.
Таниқли покистонлик журналист Рамзан Мўғул ўз чиқишида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Жанубий Осиё тарихидаги ўрнига тўхталди.
«Унинг жасорати, сиёсий заковати ва давлатчилик тажрибаси натижасида Покистон заминида – Буюк Бобурийлар сулоласи барпо этилди. Бу сулола асрлар давомида минтақа маданияти, меъморчилиги ва давлат бошқарувига улкан таъсир кўрсатди. Бобурнинг мероси фақат ҳарбий юришлар ёки сиёсий ютуқлар билан чекланмайди. У юксак дидли шоир ва нозиктаъб адиб сифатида ҳам танилган. Унинг машҳур асари “Бобурнома” тарихий ва адабий манба сифатида беқиёс аҳамиятга эга бўлиб, ўша давр ижтимоий ҳаёти, табиати ва инсонлар руҳияти ҳақида қимматли маълумотлар беради. Асар бугунги кунда ҳам илмий ва маънавий мерос сифатида қадрланади. Покистон халқи учун Бобур мероси – умумий тарихимиз ва маданий илдизларимизнинг муҳим қисми ҳисобланади. Унинг авлодлари томонидан барпо этилган обидалар, анъаналар ва бошқарув тажрибаси бугунги кунгача ўз таъсирини сақлаб келмоқда. Шу боис, Бобур шахсияти ва унинг мероси биз учун фахр ва илҳом манбаидир», – деди у.
Тадбир якунида Исломобод шаҳридаги Муслим университети талабалари, фаол ватандошлар ва дипломатлар томонидан Бобур рубоий ва ғазалларидан намуналар ўқиб берилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


