Ўзбекистон ташқи ишлар вазири БАА, Кувайт, Саудия Арабистони, Қатар ва Ўмон элчилари билан учрашди
Март 12, 2026. 19:41 • 2 дақ
• 130ТОШКЕНТ, 12 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун БАА, Кувайт, Саудия Арабистони, Қатар ва Ўмон элчиларини қабул қилди, деб хабар бермоқда "Dunyo" АА мухбири.
“Бугун вазирликда Бирлашган Араб Амирликлари, Кувайт, Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Қатар Давлати ва Ўмон Султонлигининг мамлакатимиздаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларини қабул қилдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Учрашувда Яқин Шарқдаги вазият бўйича фикр алмашдик.
Минтақавий хавфсизликка таҳдид солаётган ҳолатлар юзасидан хавотир билдириб, кескинликнинг янада кучайишига йўл қўймаслик, шунингдек барча низоларни дипломатик йўллар орқали ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ҳал этиш муҳимлигини таъкидладик.
Ўзбекистон билан Кўрфаз араб давлатлари ўртасидаги икки ва кўп томонлама муносабатларни янада ривожлантириш, “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” формати доирасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини ҳам муҳокама қилдик”.
“Дунё” АА олган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

