Олмаотадаги Бош консулхона ташаббуси билан Ўзбекистон таълим муассасаларига замонавий жиҳозлар топширилди
Июль 19, 2026. 11:20 • 2 дақ
• 181
ОЛМАОТА, 19 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан юртимиздаги таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган хайрли ташаббус амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, Тошкент туманидаги 2- ва 3-сонли ҳамда Бўка туманидаги 2-сонли педагогика техникумлари раҳбарларининг мурожаатлари асосида ушбу таълим масканлари замонавий ўқув-техника воситалари билан таъминланди.
Гуманитар кўмак доирасида ҳар бир техникумга 65 дюймли LED экран, замонавий компьютер жамланмаси, рангли ва кўп функцияли принтерлар топширилди.
Мазкур лойиҳа Бош консулхона ташаббуси билан Қозоғистонда фаолият юритаётган ватандош тадбиркорларнинг хайрия маблағлари эвазига амалга оширилди. Дипломатик ваколатхона хориждаги ватандошларнинг интеллектуал ва молиявий салоҳиятини юртимиз ривожига йўналтириш борасидаги ишларни тизимли равишда давом эттирмоқда.
Янги техник жиҳозлар техникумларда таълим жараёнига рақамли технологияларни кенг жорий этиш, дарс машғулотлари сифатини ошириш ҳамда педагоглар ва ўқувчилар учун замонавий таълим муҳитини яратишга хизмат қилади.
Бош консулхона таълим соҳасини қўллаб-қувватлашни ўз фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаган бўлиб, келгусида ҳам хориждаги фаол ватандошлар ва тадбиркорлар билан ҳамкорликда бу каби лойиҳаларни изчил давом эттиради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси