Жанубий Корея оммавий ахборот воситалари Термиз ўзаро боғлиқлик мулоқотининг иккинчи йиғилишига тайёргарликнинг боришини кенг ёритмоқда

Июнь 02, 2026. 18:25 • 3 дақ

24
Жанубий Корея оммавий ахборот воситалари Термиз ўзаро боғлиқлик мулоқотининг иккинчи йиғилишига тайёргарликнинг боришини кенг ёритмоқда
Жанубий Корея оммавий ахборот воситалари Термиз ўзаро боғлиқлик мулоқотининг иккинчи йиғилишига тайёргарликнинг боришини кенг ёритмоқда

СЕУЛ, 2 июнь. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг нуфузли нашрларида 4–6 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Тинчлик, ўзаро боғлиқлик ва барқарорлик: умумий фаровонлик пойдеворини шакллантириш” мавзусидаги Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши ҳақида мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, Жанубий Кореянинг етакчи нашри ­– “AJP” газетаси пойтахтимизда ўтказиладиган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилишини кенг ёритган.

Нашрда таъкидланишича, Термиз мулоқоти 2025 йилда доимий фаолият юритувчи халқаро платформа сифатида таъсис этилган бўлиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусини амалий жиҳатдан илгари суришга хизмат қилмоқда. Ушбу ташаббус халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватланиб, БМТ Бош Ассамблеясининг 2022 йил 11 июлда қабул қилинган махсус резолюцияси билан мустаҳкамланган.

“Global Korea Post” газетасида ҳам Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши ҳақида мақола эълон қилинган. Материалда қайд этилишича, бу галги йиғилиш Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Форумда Марказий ва Жанубий Осиё, Европа, МДҲ, Жанубий Кавказ, Осиё–Тинч океани минтақаси, Яқин Шарқ ва Америка мамлакатларидан 150 нафардан ортиқ сиёсий, ишбилармон ва эксперт доиралари вакиллари, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар иштирок этиши кўзда тутилган.

Оммабоп “UN Journal” нашрида ҳам Тошкентда ўтказиладиган Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши ҳақида алоҳида мақола чоп этилган. Нашр маълумотига кўра, Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган мазкур халқаро мулоқотда иштирок этувчилар ва ҳамкорлар қаторида БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази вакиллари ҳам қатнашади.

Мақолада ёзилишича, форум дастурида сайёр сессияларни ўтказиш ҳам кўзда тутилган. Мулоқот иштирокчилари Термиз шаҳрига ташриф буюриб, Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдо-иқтисодий ва логистика соҳасидаги ҳамкорликнинг замонавий инфратузилмаси, жумладан, “Айритом” халқаро савдо маркази ва “Termiz Cargo Center” халқаро логистика хаби фаолияти билан танишиши, қадимий шаҳарнинг бой маданий-тарихий меросини яқиндан кўриши мумкин.

 Мулоқотнинг учинчи куни Самарқандда бўлиб ўтади. Унда делегатлар тарихан Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида кўприк бўлиб хизмат қилган Самарқанд Ренессансининг ноёб цивилизациявий мероси билан танишади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш