Самарқанд вилояти ва Кичик Польша воеводалиги ҳамкорлик бўйича янги ташаббусларни тайёрламоқда
Март 28, 2026. 09:10 • 2 дақ
• 100
ВАРШАВА, 28 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари амалий ташриф билан Кичик Польша воеводалигида бўлди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф давомида маҳаллий ҳокимият ва бизнес вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказилди. Жумладан, воеводалик раҳбари Лукаш Смулка, унинг ўринбосари Витольд Козловский ҳамда Польша парламенти вакили Рафал Комаревич билан музокаралар бўлиб ўтди.
Шунингдек, маҳаллий йирик компаниялар раҳбарлари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда савдо, иқтисодий ва инвестиция соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Таълим соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар Краков иқтисодиёт университети қошидаги Бизнес мактаби билан Ўзбекистон олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришни муҳокама қилди.
Бундан ташқари, “Smart Nanotechnologies”, “IC Sec”, “Alventa Invest”, “Air2gas” ва “BSPL” каби компаниялар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Томонлар яқин ойларда Самарқанд вилояти ва Кичик Польша воеводалиги раҳбарияти ўртасида онлайн учрашув ўтказишга келишиб олди. Шунингдек, куз ойларида Польша делегациясининг Самарқандга ташрифини ташкил этиш режалаштирилди.
Учрашув якунида иштирокчилар келгусида ҳамкорликни янада кучайтириш ва узоқ муддатли шерикликни ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси