Наврўз Франциянинг Ферней-Вольтер шаҳрида баҳор ва маданиятлар дўстлиги байрамига айланди
Март 28, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 86
ФЕРНЕЙ-ВОЛЬТЕР, 28 март. /«Дунё» АА/. Франциянинг қадимий шаҳри Ферней-Вольтерда юзлаб меҳмонлар, жумладан, францияликлар ва ватандошларимиз иштирокида баҳор ва янгиланиш байрами - Наврўз тантаналари бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбир анъанавий ўзбек кийимлари ҳамда миллий либосларнинг замонавий талқинлари намойиши билан очилди. Меҳмонлар эътиборини энг кўп тортган жиҳат — келин салом маросимининг саҳналаштирилиши бўлиб, у иштирокчиларга Ўзбекистоннинг бой анъаналари билан яқиндан танишиш имконини берди.
Меҳмонлар рақслардан завқ олиб, анъанавий ўзбек таомларидан баҳраманд бўлдилар: хушбўй палов, сомса, нон ва ширинликлар ҳақиқий байрам муҳитини яратди. Шунингдек, анъанавий кийимлар, сувенирлар ва декоратив буюмлар кўргазмаси катта қизиқиш уйғотди — бу экспонатлар мамлакатимиз ҳунармандчилиги ва бой маданий меросини намойиш этди.
Ўзбекистон элчиси Нодир Ғаниев меҳмонларни байрам билан самимий табриклаб, Наврўзнинг аҳамияти, Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданияти ҳақида сўзлади ҳамда француз меҳмонларни мамлакатга ташриф буюриб, унинг анъаналари ва диққатга сазовор масканлари билан танишишга таклиф қилди.
Француз меҳмонлар тадбирнинг юксак даражада ташкил этилгани ва меҳмондўстликдан чин дилдан мамнун бўлганликларини билдирдилар. Ўзбек диаспораси учун эса бу тадбир алоҳида аҳамият касб этди: ватандан узоқда бўлишларига қарамай, улар Ўзбекистоннинг илиқлиги ва самимийлигини яна бир бор ҳис этдилар.
Ферней-Вольтердаги Наврўз халқлар ўртасидаги дўстлик қадрини, бошқа миллат анъаналари билан танишиш ва инсонларни бирлаштирувчи маданиятдан баҳраманд бўлиш имкониятини яна бир бор намоён этди. Байрам муҳити, самимий мулоқот ва ўзбек анъаналарининг ранг-баранглиги бу кунни барча иштирокчилар учун ҳақиқатан ҳам эсда қоларли қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси