Ўзбекистон сенатори Қозоғистон Қурултойи депутатлари сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этди
Август 25, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 65
ТОШКЕНТ, 25 август. /«Дунё» АА/. Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбидин Бурханов жорий йил 23 август куни бўлиб ўтган Қозоғистон Қурултойи депутатлари илк сайловида МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг халқаро кузатувчилари миссияси таркибида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Олий Мажлис юқори палатаси ахборот хизмати маълумотларига кўра, сенатор Қозоғистонда парламент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёни билан яқиндан танишди. Сайлов куни қатор сайлов участкаларида бўлиб, овоз бериш жараёнини бевосита кузатди.
Кузатув давомида сайлов комиссияларининг фаолияти, сайлов жараёнининг белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ ташкил этилгани, сайловчилар учун яратилган имкониятлар, шунингдек, имконияти чекланган фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга ошириши учун зарур шароитлар таъминланганига алоҳида эътибор қаратилди.
Кузатувлар натижалари кўрсатганидек, сайлов жараёнлари очиқлик, шаффофлик ва демократик тамойилларга асосланган ҳолда, қонунчилик талабларига мувофиқ ташкил этилган. Фуқароларнинг ўз конституциявий сайлов ҳуқуқларини эркин амалга ошириши учун зарур шароитлар яратилган.
Қозоғистон Қурултойи депутатлари сайлови мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли конституциявий ва сиёсий ислоҳотнинг муҳим босқичи ҳисобланади. Янги бир палатали парламент модели Қозоғистонда сиёсий тизимни янада такомиллаштиришга, демократик бошқарувни мустаҳкамлашга, изчил ислоҳотларни қонунчилик жиҳатидан самарали таъминлашга ҳамда мамлакатнинг барқарор ва изчил тараққий этишига хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Қозоғистон Президентини Қурултойга сайловларнинг муваффақиятли ўтказилгани билан телефон орқали табриклади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси