Душанбедан муносабат: Ўзбекистон ва Озарбайжон мустаҳкам минтақалараро “Шарқ – Ғарб” кўпригини барпо этмоқда
Август 25, 2026. 14:30 • 3 дақ
• 68
ДУШАНБЕ, 25 август. /“Дунё” АА/. Тожикистон Миллий фанлар академияси Фалсафа, сиёсатшунослик ва ҳуқуқ институти илмий ходими Виктор Ким “Дунё” ААга Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг 23–24 август кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи якунлари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи янги Евроосиё архитектурасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Абадий дўстлик тўғрисидаги тарихий шартноманинг имзоланиши икки янги геосиёсий минтақа туташган ҳудудда барқарорликнинг янги пойдевори яратилганидан далолат беради.
Биз Марказий Осиё ва Жанубий Кавказда содир бўлаётган янги жараёнларнинг турли талқинларига дуч келамиз. Бу жараённи “Катта Марказий Осиё” каби қолипли тушунчалар ёки C6 формати сингари механик ёндашувлар билан тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Аммо қолипларни четга суриб, соф сиёсий мантиқни ишга солсак, кўз олдимизда бутунлай бошқача манзара намоён бўлади. Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ суверен давлатлари ўртасидаги тенг ҳуқуқли минтақалараро ҳамкорликнинг ёрқин намунасини кўрамиз.
Марказий Осиё бешлигини Озарбайжон ҳисобига шартли равишда олтиликка айлантиришга уриниш замонавий жараёнларни эски қолип ва стереотиплар асосида баҳолашдир. C5 формати Марказий Осиёнинг беш давлати ўртасидаги умумий тарихий ва географик яқинлик, сув-энергетика манфаатлари ҳамда цивилизациявий алоқаларга асосланган. Озарбайжон эса Жанубий Кавказда муҳим ва кучли мавқега эга давлатдир.
Воқеаларнинг асл моҳияти шундаки, Ўзбекистон ва Озарбайжон мустаҳкам минтақалараро “Шарқ – Ғарб” кўпригини барпо этмоқда. Ўзбекистон бу ерда алоқаларни бирлаштирувчи фаол ядро сифатида, Озарбайжон эса Каспий–Қора денгиз йўналишидаги асосий ғарбий таянч нуқтаси сифатида намоён бўлмоқда.
Бу икки мустақил геоиқтисодий марказнинг ҳамкорлиги ўзаро манфаат ва суверенитетни ҳурмат қилишга асосланади. Ўзбекистон ва Озарбайжон Евроосиё транзит йўналишларини ривожлантириб, Шарқ ва Ғарбни ўз миллий манфаатлари асосида боғлашга хизмат қиладиган муҳим ҳамкорликни шакллантирмоқда.
Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлини Озарбайжоннинг Каспий инфратузилмаси ва Грузиянинг Қора денгиз портлари билан боғлаш орқали муҳим транспорт занжири шаклланмоқда.
Денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имконияти чекланган Марказий Осиё учун бу жаҳон бозорларига янги ва ишончли йўл очади. Ўзбекистон ўз маҳсулотларини турли ташқи йўналишлар орқали бозорларга етказиш имкониятини кенгайтирса, Озарбайжон Транскаспий транспорт йўлагининг муҳим бўғини сифатида бу жараёнда катта роль ўйнайди. Натижада, Шарқ ва Ғарбни боғлайдиган самарали савдо-транспорт тизими юзага келмоқда.
Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома эса бу ҳамкорликнинг мустаҳкам сиёсий ва иқтисодий асосини яратди. 500 миллион долларлик қўшма инвестиция фонди ҳамда автомобиль саноатидан қишлоқ хўжалигигача бўлган соҳаларда фаолият юритаётган юздан ортиқ қўшма корхона икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар тобора чуқурлашаётганини кўрсатади.
Давлат раҳбарларининг бугунги ҳамкорлиги узоқ муддатли мақсадларга асосланган. Янги Тошкент билан танишув ва янги ишлаб чиқариш лойиҳаларининг йўлга қўйилиши Ўзбекистон ва Озарбайжон келажакни бугундан қуришга интилаётганини кўрсатмоқда.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи шуни яққол намоён этдики, замонавий Евроосиёда янги ҳамкорлик ва тараққиёт йўллари, аввало, суверен давлатларнинг ўзаро манфаатлари асосида шаклланмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси