“Тошкент–Атирау” йўналишида авиақатнов йўлга қўйилади
Февраль 27, 2026. 09:51 • 53 сония
• 52
АТИРАУ, 27 февраль. /“Дунё” АА/. Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида “Тошкент–Атирау” йўналишида янги авиақатновлар йўлга қўйилишига бағишланган тақдимот маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Атирау вилояти ҳокимлиги, халқаро аэропорт раҳбарияти, маҳаллий ишбилармон доиралар ҳамда 60 дан зиёд етакчи туристик компания ва меҳмонхона вакиллари иштирок этди.
Тақдимотнинг асосий мавзуси шу йилнинг 30 март ва 3 апрель кунлари илк бор амалга оширилиши режалаштирилган “Тошкент–Атирау–Тошкент” йўналишидаги тўғридан-тўғри авиақатновлар бўлди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу ҳаво йўли Қозоғистоннинг ғарбий вилоятлари аҳолиси учун Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига саёҳат қилишда энг қулай ва тезкор имкониятни яратади.
“Uzbekistan Airways” ва “Asialuxe Travel” компаниялари вакиллари иштирокчиларга Ўзбекистон бўйлаб махсус турпакетлар, тиббиёт туризми ва транзит саёҳатлар бўйича батафсил маълумот берди.
Алоҳида эътибор юртимизнинг дунё миқёсида эътироф этилаётган гастрономик туризм салоҳиятига қаратилди. Иштирокчилар биринчи авиарейслар доирасида ўтказилиши режалаштирилган кенг кўламли маданий ва туристик тадбирлар билан таништирилди.
Учрашув якунида икки мамлакат туризм соҳаси вакиллари ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, сайёҳлик оқимини тизимли равишда ошириш ва қўшма туристик ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
