Ўзбекистон ва Покистон олий таълим соҳасидаги шерикликни мустаҳкамламоқда
Апрель 18, 2026. 14:27 • 2 дақ
• 215ИСЛОМОБОД, 18 апрель. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Олий таълим комиссияси раиси Ниёз Аҳмад Ахтар билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Музокаралар чоғида томонлар таълим соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар. Бунда олий даражадаги ташрифлар доирасида эришилган келишувлар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда Покистон томонига Ўзбекистон таълим тизимида олий ўқув юртларини модернизация қилиш ва инновацияларни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда кўплаб хорижлик талабалар, жумладан, покистонлик ёшлар таҳсил олмоқда, шунингдек, етакчи хорижий университетларнинг филиаллари муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Доктор Ниёз Аҳмад Ахтар Ўзбекистон таълим соҳасидаги ўзгаришларни юқори баҳолади ва Покистон томони академик алмашинувлар ҳамда илмий-тадқиқот ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини тасдиқлади.
Мулоқот иштирокчилари қўшма ўқув дастурларини жорий этиш, талабалар ва ўқитувчилар мобиллигини ривожлантириш, шунингдек, кадрлар малакасини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Таълим дастурларини биргаликда аккредитациядан ўтказиш имконияти муҳокамаларнинг алоҳида мавзуси бўлди. Бу чора таълим сифати назоратини кучайтиришга ва икки давлат дипломларининг халқаро миқёсда тан олинишини таъминлашга хизмат қилади.
Музокаралар давомида Покистонда Тошкент тиббиёт академияси филиалини ташкил этиш жараёнини жадаллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар ушбу лойиҳа академик ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим қадам бўлишини, тиббиёт соҳасида илғор тажриба алмашинувини кенгайтиришини ва ёшлар таълими учун янги истиқболлар очишини таъкидладилар.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги таълим соҳасидаги алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга интилиш қатъий экани тасдиқланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

