Ўзбекистон–Сербия ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш масаласи кўриб чиқилди
Май 07, 2026. 16:25 • 2 дақ
• 70
БЕЛГРАД, 7 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов Сербия Бош вазирининг ўринбосари ва иқтисодиёт вазири Адриана Месарович билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон-Сербия савдо-иқтисодий ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Вазирнинг 2026 йил февраль ойида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи якунлари ҳамда эришилган келишувларнинг ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни илгари суришдан манфаатдор эканликларини тасдиқлади.
Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Сербия ўртасида иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битим кучга киргани қайд этилди. Шунингдек, имтиёзли савдо режимига киритиладиган товарлар рўйхатини шакллантириш ишларини жадаллаштиришга келишиб олинди.
Сербия томони Ўзбекистон ва Сербияда савдо уйларини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлаб, лойиҳани амалий жиҳатдан рўёбга чиқаришга киришишга тайёрлигини билдирди.
Ўзбекистон Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги делегациясининг жорий йил 24-26 май кунларига мўлжалланган Сербияга ташрифига тайёргарлик масалалари алоҳида муҳокама қилинди. Сафар доирасида Ўзбекистон-Сербия бизнес-форуми, B2B форматидаги музокаралар, соҳавий вазирликлар билан учрашувлар ўтказиш ва етакчи компаниялар фаолияти билан танишиш кўзда тутилган.
Учрашув якунида мудофаа саноати, темир йўл инфратузилмаси, фармацевтика, меҳнат миграцияси, кимё саноати, электрон тижорат ва агросаноат мажмуаси соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси