Ўзбекистон ва Туркманистон ишбилармонлик ҳамкорлигининг янги йўналишлари белгиланди

Ноябрь 08, 2026. 16:00 • 2 дақ

• 68
Ўзбекистон ва Туркманистон ишбилармонлик ҳамкорлигининг янги йўналишлари белгиланди
Ўзбекистон ва Туркманистон ишбилармонлик ҳамкорлигининг янги йўналишлари белгиланди
Ўзбекистон ва Туркманистон ишбилармонлик ҳамкорлигининг янги йўналишлари белгиланди

АШХОБОД, 8 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Одилхон Рустамов бошчилигида юз нафардан ортиқ ишбилармон доиралар вакилларидан иборат бизнес делегациянинг Туркманистонга ташрифи бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Сафар доирасида Ўзбекистон вакиллари Ашхобод шаҳрида саноат, қурилиш ва энергетика соҳаларига бағишланган халқаро кўргазма ва форумда иштирок этди.

Кўргазмада 20 дан ортиқ ўзбек компанияси “Made in Uzbekistan” миллий бренди остида ўз маҳсулотлари ва ишланмаларини намойиш этди. Делегация раҳбари миллий экспозиция билан Туркманистон ҳукумати аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда дипломатик корпус вакилларини таништирди.

Ташрифнинг муҳим тадбирларидан бири Ўзбекистон ва Туркманистон ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида ташкил этилган B2B форматидаги бизнес учрашувлари бўлди. Музокаралар давомида савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, экспорт-импорт операцияларини кенгайтириш ҳамда янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек ўқинг

Учрашувларда савдо шартномаларини тузиш бўйича келишувларга эришилди. Ишбилармонлик алоқаларини изчил давом эттириш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш ва янги бизнес лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида тўғридан-тўғри мулоқотларни мунтазам ташкил этишга келишиб олинди.

Делегация аъзолари Туркманистондаги савдо марказлари, йирик бозорлар ва ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишди. Туркманбоши халқаро денгиз портига ташриф давомида порт раҳбарияти билан транспорт-логистика имкониятларидан самарали фойдаланиш, юк ташиш ҳажмини ошириш ва икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари бўйича фикр алмашилди.

Делегация аъзолари портнинг замонавий инфратузилмаси, халқаро транспорт йўналишлари, логистика салоҳияти ҳамда тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Ўзбекистон бизнес делегациясининг Туркманистонга ташрифи икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида муҳим амалий аҳамият касб этди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш