Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида маҳаллий бошқарув соҳасида ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Март 07, 2026. 16:10 • 2 дақ
• 69
ЛОНДОН, 7 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси ўринбосари Жовдатхон Инагамов бошчилигидаги делегациянинг Лондонга ташрифи давомида Британиянинг “District Councils' Network” ташкилоти раҳбарияти билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“District Councils' Network” Буюк Британиядаги 170 га яқин кенгашни бирлаштирувчи миллий тармоқ ҳисобланади. Ташкилот округ даражасидаги маҳаллий ҳокимият органлари манфаатларини ҳимоя қилади ва улар номидан марказий ҳукумат, парламент ҳамда бошқа миллий институтлар билан доимий мулоқотни таъминлайди.
Мазкур мулоқот маҳаллий бошқарув тизимини такомиллаштириш, жамоатчилик билан ишлаш самарадорлигини ошириш ва ўзаро тажриба алмашиш масалаларига бағишланди.
Учрашув давомида томонлар маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти, аҳоли манфаатларини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя механизмлари ҳамда ҳудудларни комплекс ривожлантириш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр алмашдилар.
Ўзбекистон томони маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ўрни, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини оширишдаги аҳамияти ва сўнгги йилларда бу соҳада амалга оширилган ислоҳотлар юзасидан батафсил маълумот берди.
Мулоқот якунида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма семинар ва тренинглар ташкил этиш, шунингдек, маҳаллий бошқарув соҳасида илғор тажрибаларни жорий этиш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси