Ўзбекистон ва Буюк Британия маҳаллий бошқарув тизимини такомиллаштиришда ҳамкорлик қилади
Март 06, 2026. 11:51 • 2 дақ
• 199БРЕНТВУД, 6 март. /“Дунё” АА/. Буюк Британияда хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси ўринбосари Жовдат Инағамов бошчилигидаги делегация Эссекс графлигининг Брентвуд шаҳри маҳаллий бошқарув кенгаши вакиллари билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқотнинг асосий мавзуси маҳаллий бошқарув соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ва икки давлатнинг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш тизимлари ўртасида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Учрашув давомида Британия томонига Ўзбекистондаги маҳалла институтининг ўзига хос жиҳатлари ва сўнгги йилларда ушбу тизимга берилган кенг ваколатлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, маҳалланинг аҳоли муаммоларини ҳал этиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш ҳамда жамоатчилик назоратини таъминлашдаги роли хорижлик мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди.
Муҳокамалар давомида ҳар икки бошқарув тизимининг афзалликлари таҳлил қилинди. Ўзбекистон тизимида маҳалланинг халққа яқинлиги ва ижтимоий бирдамликни мустаҳкамлашдаги ўрни юқори баҳоланди. Британия тизимидаги институционал бошқарув, молиявий мустақиллик ва ваколатларнинг аниқ тақсимланиши ўзбек делегацияси томонидан диққат билан ўрганилди.
Учрашув якунида ўзаро тажриба алмашишни тизимли давом эттириш, қўшма семинарлар ва амалий ташрифларни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Мазкур мулоқот маҳаллий бошқарувни халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш ва жамоат манфаатларини таъминлаш йўлидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


