Logo

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Ироққа экспорт қилиш масаласи муҳокама қилинди

Февраль 02, 2026. 16:49 • 2 дақ

72
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Ироққа экспорт қилиш масаласи муҳокама қилинди

БАҒДОД, 2 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон бизнес-делегациясининг Бағдодга ташрифи давомида Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ироқ Савдо вазири Асир ал-Ғаририй ва Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Маҳди Саҳр ал-Жаббурий билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Томонлар мулоқот давомида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Ироққа экспорти ҳажмини ошириш масаласида сўз юритди. Ироққа кирувчи ҳудудларда ўзбек маҳсулотлари учун “яшил коридорлар” барпо этиш, илмий ёндашувлар асосида уруғчилик ва ўғит саноати йўналишида қўшма тадбирлар ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Қишлоқ хўжалиги бўйича олий таълим даргоҳлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, тегишли мутахассислар ва кадрлар етиштириш бўйича ҳам фикр-мулоҳаза алмашилди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Ироқ Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасида ҳамкорлик бўйича Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ва имзолаш, қўшма экспертлар гуруҳини ташкил этиш ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олишга келишилди.

Ироқ Савдо вазири Асир ал-Ғаририй билан бўлган учрашувда икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва савдо ҳажмини кенгайтириш йўллари муҳокама этилди.

Асир ал-Ғаририй Ўзбекистон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини юқори баҳолаб, уларнинг Ироққа экспорти ҳажмини янада ошириш мақсадида ўзбек маҳсулотлари ва нарх-навоси тўғрисидаги маълумотлар базасини тақдим этишни сўради.

Ўз навбатида, Ўзбек томони тегишли ишчи гуруҳни тузиб, нафақат озиқ-овқат маҳсулотлари, балки барча турдаги саноат товарларини, жумладан, электротехника ва қурилиш молларини, текстиль маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотларни нархлар кесимида тақдим этилишини билдирди.

Ўзбек маҳсулотларини Ироққа олиб келиш бўйича транспорт-логистика йўллари ва савдо коридорларига оид масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Томонлар икки давлат ўртасида савдо ҳамкорлигини янада кенгайтириш, экспорт-импорт товарлари номенклатурасини диверсификация қилишга келишиб олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш