Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ташкилотнинг 43-сессиясида билдирилган халқаро ташаббусларни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқмоқда
Февраль 02, 2026. 15:52 • 3 дақ
• 72ПАРИЖ, 2 февраль. /“Дунё” АА/. Франция пойтахтида Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси Котибияти раҳбарияти билан қатор кенгайтирилган учрашувлар ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот жараёнида ЮНЕСКО Бош конференциясининг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган 43-сессиясида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббусларни амалга оширишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш борасида фикр-мулоҳаза алмашилди.
Ўзбекистон Президентининг ҳар бир ташаббуси бўйича аниқ тузилган механизмлар, муддатлар ва масъул тузилмаларни назарда тутувчи “Йўл харитаси” ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувларда Котибиятнинг таълим, маданият, табиий фанлар, ижтимоий ва гуманитар соҳалар бўйича сектор раҳбарлари иштирок этиб, белгиланган йўналишлар бўйича эксперт ва маслаҳат ҳамкорлигини давом эттиришга тайёр эканини таъкидлади.
ЮНЕСКО Котибияти вакиллари Президент Шавкат Мирзиёевнинг очилиш маросимидаги дастурий нутқи стратегик ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги босқичига ўтиш учун мустаҳкам пойдевор яратганини алоҳида қайд этди.
Таълим соҳасидаги кун тартибини муҳокама қилиш доирасида томонлар 2027 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган Бутунжаҳон профессионал таълим саммитига комплекс тайёргарликни бошлаш бўйича принципиал келишувларга эришди.
Ўқув жараёнига илғор рақамли технологияларни жорий этиш, хусусан, “Сунъий интеллект – мактаб” тажриба-синовини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ташқари, ЮНЕСКО алоҳида эҳтиёжли болалар учун инклюзив таълим платформасини яратишда, илмий ва академик салоҳиятни мустаҳкамлаш мақсадида республика олий таълим муассасаларида ЮНЕСКО кафедралари тармоғини кейинчалик кенгайтиришда маслаҳат ёрдамини кўрсатади.
Маданий ҳамкорлик соҳасида ҳам сезиларли ютуқларга эришилди. Томонлар ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг замонавий глобал таҳдидлар, жумладан, иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича махсус резолюциясини ишлаб чиқиш, 19 ноябрни Халқаро ҳужжатли мерос куни деб эълон қилиш ташаббусини атрофлича муҳокама қилди.
Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий ва Баҳоуддин Нақшбанд номидаги илмий-тадқиқот марказларининг илмий ва тадқиқот салоҳиятини бирлаштириш, академик алмашинувни ривожлантириш ва илмий ҳамкорликни чуқурлаштириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ёшларнинг ижодий ривожланиши учун янги платформага айланиши кўзда тутилган Халқаро болалар маданий контенти фестивалини Тошкентда ташкил этиш масаласи кун тартибидаги муҳим масалалардан бири бўлди.
Мулоқотда гендер тенгликни илгари суриш ва хотин-қизлар ҳуқуқларини кенгайтириш масалалари ҳам муҳим ўрин эгаллади. ЮНЕСКОнинг ихтисослашган департаменти раҳбарияти Ўзбекистонда Аёллар етакчилиги академиясини ташкил этиш ташаббусини юқори баҳолади. Ташкилот ушбу институтнинг ўқув дастурлари ва ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқишда эксперт ёрдамини кўрсатишни режалаштирмоқда.
Бундан ташқари, 2027 йилда Самарқанд шаҳрида таълим, маданият ва илм-фан соҳаларида хотин-қизларнинг глобал форумини ўтказиш концепциясини ишлаб чиқиш бошланди.
Музокараларнинг экологик ва илмий блокида Китоб давлат геология қўриқхонасини ЮНЕСКОнинг Геопарклар глобал тармоғига киритиш бўйича мувофиқлаштириш ишлари бошланди. Котибият вакиллари объект ноёб табиий салоҳиятга эга эканини ва номзодлик ҳужжатлари тўғри тайёрланган тақдирда уни халқаро миқёсда тан олиш жараёни мақбул муддатларда якунланиши мумкинлигини таъкидлади.
Учрашувлар якунида томонлар ўзаро ҳамкорликнинг амалий босқичини бошлаш, барча ташаббуслар бўйича концептуал ҳужжатларни тайёрлаш, миллий координаторларни белгилаш, яқин ойларда онлайн ва юзма-юз форматда маслаҳат учрашувлари ўтказишга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


