Қозоғистоннинг Атирау ва Оқтов шаҳарларида ўзбекистонлик талабалар билан мулоқот ўтказилди
Апрель 18, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 78ОҚТОВ, 18 апрель. /“Дунё” АА/. “Ватандошлар” жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси вакиллари иштирокида Қозоғистоннинг Атирау ва Оқтов шаҳарларида таҳсил олаётган ватандош талабалар билан учрашувлар ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирлар Х.Досмухамедов номидаги Атирау университети ҳамда Ш.Есенов номидаги Каспий технологиялар ва инжиниринг университетида бўлиб ўтди. Мулоқотлар давомида талабаларга Ўзбекистон Президенти томонидан ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар, янги лойиҳалар ҳамда Амир Темур каби буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси ҳақида сўз юритилди.
Учрашувда ёшларга юртимизда кенг оммалашаётган “Ибрат фарзандлари”, “Устоз AI”, “Қизлар академияси”, “Uzchess” ва “Креатив парк”каби инновацион лойиҳалар тақдимот қилинди. Таълим жараёнида ва ижтимоий ҳаётда фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ талабаларга Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг эсдалик совғалари топширилди.
Таъкидланишича, Қозоғистоннинг ушбу олийгоҳларида ватандошларимиз асосан туризм, АКТ, иқтисодиёт, техника ва юриспруденция йўналишларида билим олмоқда. Шу сабабли, учрашув доирасида хорижий дипломларни Ўзбекистонда нострификация қилиш тартиби бўйича ҳам атрофлича маълумот берилди.
Бош консулхона дипломатлари томонидан талабаларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, уларни қийнаётган муаммолар ўрганилди. Ёшларга Қозоғистон миграция қонунчилигининг ўзига хос жиҳатлари юзасидан зарур консуллик маслаҳатлари берилди.
Бу каби тадбирлар хориждаги ўзбек ёшларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ва уларни Ватан атрофида жипслаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


