Жанубий Кореяда ватандошлар ўртасида стол тенниси бўйича мусобақа ўтказилди
Декабрь 03, 2025. 08:56 • 2 дақ
• 284
СЕУЛ, 4 декабрь. /“Дунё” АА/. Бош қомусимиз қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон элчихонаси томонидан Жанубий Кореянинг Тэгу шаҳри Кёнгсан шаҳарчасида ватандошлар ўртасида стол тенниси бўйича мусобақа ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Турнирда ушбу давлатда вақтинча истиқомат қилаётган ва олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар иштирок этди.
Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан элчихона вакиллари иштирокчиларни байрам билан табриклаб, ватандошларга мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар, шу жумладан, республикамизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳамда уларга яратилаётган шароитлар ҳақида маълумот берди.
Бундан ташқари, йиғилганларга Ўзбекистон Конституцияси тўғрисида маълумот берилиб, ҳар соҳада янгиланиб бораётган янги Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида қонун устиворлиги муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Мусобақа иштирокчилари бу каби спорт тадбирларини мунтазам равишда ташкил қилиш хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар учун катта эътибор экани, нафақат уларнинг соғлом ҳаёт тарзини таъминлашдаги ўрни, балки юртдошларнинг бир-бири билан яқин мулоқот ўрнатишида кўприк вазифасини ўташини таъкидлади.
Спорт тадбири якунида совриндорлар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси