ЮНЕСКОда Самарқандда ўтказилган 43-сессия юксак баҳоланди
Март 21, 2026. 09:10 • 2 дақ
• 113
ПАРИЖ, 21 март. /“Дунё” АА/. ЮНЕСКО бош қароргоҳида 2025 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Бош конференциянинг
43-сессиясини ташкилий жиҳатдан баҳолашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир доирасида тақдим этилган ҳисоботда Ўзбекистон томонидан конференцияни юқори савияда ташкил этиш, хорижий делегатлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Экспертлар томонидан мазкур халқаро сессия иштирокчиларига ташкилий жиҳатдан юксак даражада кўмак кўрсатилгани алоҳида таъкидланди.
Ушбу конференцияни муносиб даражада ташкил этиш учун зарур инфратузилма ва замонавий техник воситалар тўлиқ таъминлангани, сессия дастури ва таржима хизматлари белгиланган халқаро талаблар асосида йўлга қўйилгани қайд этилди.
Йиғилишда конференциянинг халқаро аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу нуфузли анжуман Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада оширишга хизмат қилгани таъкидланди. Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги ваколатхонаси томонидан конференциянинг муваффақиятли ўтказилиши аъзо-давлатлар ва Котибият ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг амалий натижаси экани қайд этилди.
Учрашувда қатор давлатларнинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхоналари вакиллари сўзга чиқиб, юртимизнинг конференцияни юқори даражада ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади. Шунингдек, улар иштирокчиларга кўрсатилган хизматлар сифати ва анъанавий меҳмондўстлик учун самимий миннатдорлик билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси