Logo

Стокгольм шаҳрида тоғ-кон саноатида ҳамкорликка доир Швеция-Ўзбекистон бизнес-форуми бўлиб ўтди

Март 14, 2026. 13:00 • 2 дақ

46
Стокгольм шаҳрида тоғ-кон саноатида ҳамкорликка доир Швеция-Ўзбекистон бизнес-форуми бўлиб ўтди

СТОКГОЛЬМ, 14 март. /«Дунё» АА/. Стокгольм шаҳрида “Швеция ва Ўзбекистон: барқарор тоғ-кон саноати бўйича ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида қўшма бизнес-форум бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистон элчихонаси ва Швеция Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Форумда Швециянинг тоғ-кон саноати, муҳандислик, саноат ускуналари ва технологиялар соҳасида фаолият юритувчи етакчи компания ва тармоқ ташкилотлар “Epiroc”, “Volvo CE”, “Sandvik”, “SKF”, “EOL Vent”, “LKAB”, “Ericsson”, “Brokk”, SIDA, Swemin, шунингдек Ўзбекистон Тоғ-кон ва геология вазирлиги ва йирик корхоналаридан НКМК, ОКМК, “Ўзбеккўмир” вакиллари қатнашди.

Тадбирни Швециянинг Евроосиё савдо палатаси бош директори Хайенц Шёгрен олиб борди. Швеция элчиси Томас Данестад ва Ўзбекистон элчиси Рахматулла Нуримбетов кириш сўзлари билан иштирок этиб, икки мамлакат ўртасида саноат, инвестиция ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланаётганини таъкидладилар.

Форум доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, хусусан тоғ-кон саноатини модернизация қилиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида тақдимотлар ўтказилди.

Шунингдек ўқинг

Швеция томони ўз навбатида мамлакатнинг кончилик саноатидаги илғор технологиялари, инновацион ечимлари ва экологик барқарор ишлаб чиқариш амалиёти билан ўртоқлашди. Хусусан, “LKAB”, “Epiroc”, “SKF”, “Sandvik”, “Brokk AB” ўзларининг юқори ва барқарор технологиялари хусусидаги маълумотни ҳамда Ўзбекистон бозорида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича режаларини тақдим этди.

Тадбир якунида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида B2B музокаралар ташкил этилди. Унда қатор янги ҳамкорлик йўналишлари, жумладан технологиялар трансфери, саноат кооперацияси ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Бизнес-форум Ўзбекистон ва Швеция ўртасида барқарор тоғ-кон саноати соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш