Logo

Новосибирскда Наврўз шукуҳи: Ўзбек миллий анъаналари ва баҳорий таомлар тақдимоти бўлиб ўтди

Март 28, 2026. 15:16 • 2 дақ

71
Новосибирскда Наврўз шукуҳи: Ўзбек миллий анъаналари ва баҳорий таомлар тақдимоти бўлиб ўтди

НОВОСИБИРСК, 29 март. /“Дунё” АА/. А.Д.Крячков номидаги Новосибирск давлат архитектура, дизайн ва санъат университетида Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан Наврўз айёмига бағишланган тантанали маданий тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан бир қаторда, Новосибирскнинг давлат, академик ва илмий доиралари вакиллари, ватандошларимиз ҳамда ўзбек халқининг кўп асрлик тарихи ва анъаналарига қизиқувчи кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Бош консули Аслам Акбаров ўз нутқида Наврўзнинг замонавий Ўзбекистон ҳаётидаги беқиёс ўрни, унинг умуминсоний қадриятлари ва жаҳон цивилизацияси тарихига кўрсатган улкан таъсирига алоҳида тўхталди. Шунингдек, ушбу севимли байрамнинг юртимизнинг турли ҳудудларида нишонланиш хусусиятлари, анъанавий урф-одатлар ва байрам дастурхонининг ўзига хосликлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Университет ректори Наталья Багрова Наврўз байрамини нишонлаш халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи жонли анъана эканини алоҳида қайд этди. Унинг таъкидлашича, Наврўз бугунги кунда ҳам минг йиллар давомида сайқалланиб келаётган ва бутун инсоният мулки ҳисобланган ноёб қадриятларни ўзида мужассам этган.

Тадбир меҳмонлари Бош консулхона томонидан тайёрланган ўзбек миллий либослари кўргазмаси билан танишдилар ҳамда ватандошларимиз ижросидаги жозибадор миллий рақслардан баҳраманд бўлдилар. Байрам якунида иштирокчиларга баҳор фаслининг рамзи бўлган ўзбек таомлари тортиқ қилинди. Ушбу маданий кеча Сибир ўлкасида ўзбек халқининг бой меросини кенг тарғиб қилиш ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш