Хорватия ва Сербияда бўлиб турган ёки кетаётган Ўзбекистон фуқаролари диққатига!
Декабрь 16, 2025. 11:08 • 2 дақ
• 344
БУДАПЕШТ, 17 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчихонаси ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳол-аҳволини доимий мониторинг қилиб, улардан келиб тушаётган мурожаатларга тезкорлик билан муносабат билдиради, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
2025 йилда Элчихонанинг консуллик бўлимига Хорватия ва Сербия ҳудудида ишлаётган Ўзбекистон фуқароларидан кўплаб шикоятлар келиб тушган. Таҳлил натижаларига кўра, инсофсиз иш берувчилар томонидан энг кўп учрайдиган қоидабузарликлар аниқланди:
• иш ҳақининг мунтазам равишда тўланмаслиги ёки узоқ муддатга кечиктирилиши;
• вақтинчалик яшаш ва ишлаш учун рухсатномалар олишдаги муаммолар;
• ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш ва расмийлаштириш бўйича тўланган хизматлар учун такрорий (“икки карра” ва “уч карра”) йиғимлар;
• иш беришни рад этиш ва қўшимча тўловларни рад этган тақдирда депортация қилиш билан таҳдид қилиш;
• ноқонуний ишлаётган фуқароларни ўйлаб топилган баҳоналар билан тўсатдан ишдан бўшатиш ва кейинчалик ишлаб топилган маблағларни тўлашдан бош тортиш.
Элчихона ўз фуқароларининг ҳуқуқларини фаол ҳимоя қилиб, қоидабузар иш берувчилар билан музокаралар олиб борган. Хорватия ваколатли органларига расмий ноталар юбориб, фуқароларга суд ва маъмурий жараёнларда ҳамроҳлик қилган.
Шу билан бирга, муаммоларнинг катта қисми ноқонуний воситачилар орқали чет элга чиқиш ва ишга жойлашишнинг дастлаб ноқонуний ёки ярим қонуний каналлари туфайли юзага келади.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Элчихона Ўзбекистон фуқароларига қуйидагиларни тавсия қилади:
ü Хорватия ва Сербияга ишлаш учун фақат Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг амалдаги лицензиясига эга бўлган лицензияланган хусусий бандлик агентликлари орқали чиқиш;
ü тегишли лицензияга эга бўлмаган жисмоний шахслар ёки фирмаларга пул ўтказмаслик;
ü кейинчалик ноқонуний ишга жойлашиш мақсадида туристик, меҳмон визаси ёки бошқа ишчи бўлмаган визалар билан чиқмаслик. Бундай ҳуқуқбузарлик маъмурий чиқариб юбориш, 5 йилгача бўлган муддатга Шенген ҳудудига киришни тақиқлаш ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин;
ü меҳнат шартномасини имзолашдан олдин уни ўзбек ёки рус тилига таржима қилишни талаб қилиш ва барча шартларни, айниқса ишлаш ва яшаш учун рухсатнома олишга тааллуқли шартларни диққат билан ўрганиб чиқиш;
ü ҳар қандай муаммолар (иш ҳақини кечиктириш, таҳдидлар, ноқонуний йиғимлар ва бошқалар) юзага келганда дарҳол Ўзбекистон Республикасининг Венгриядаги Элчихонаси консуллик бўлимига шошилинч алоқа телефонлари (+36 304 362 636) ёки https://hungary.mfa.uz/page/28447 расмий веб-сайтида кўрсатилган мессенжерлар орқали мурожаат қилиш.
Элчихона барча фуқароларни меҳнат миграцияси каналини танлашда максимал даражада ҳушёр бўлишга чақиради. Фақат қонуний ишга жойлашиш сизнинг ҳуқуқларингиз ва қонуний манфаатларингизни чет элда ҳимоя қилишни кафолатлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Бокуда қийин аҳволга тушиб қолган юртдошимиз ватанга қайтарилди
Ўзбекистон дипломатларининг Канадага ташриф доирасида миграция масалалари муҳокама қилинди
Санкт-Петербургда ватандошлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича меморандум имзоланди