“BBC”: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази 2026 йилда дунёда очилиши кутилаётган олтита энг муҳим музейлар рўйхатига киради
Март 04, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 64
ЛОНДОН, 4 март. /“Дунё” АА/. Британиянинг нуфузли “BBC” нашри 2026 йилда очилиши кутилаётган олтита энг муҳим музейлар рўйхатига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ҳам киритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, дунёда ушбу маданият марказларининг очилиши 2026 йилда улар жойлашган шаҳарларнинг қиёфасини тубдан ўзгартириши мумкин.
Таъкидланишича, Тошкентдаги ушбу улкан маданий-маърифий мажмуа Ипак йўлидаги ислом илм-фани ва маданиятининг муҳим марказларидан бири сифатида Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маънавий меросини намойиш этишга мўлжалланган.
“Бинонинг ўзи ҳайратланарли: феруза мозаикалардан иборат монументал гумбаз ҳар қандай кишини ўзига ром этади. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда мусулмон дунёсининг маънавий дурдонаси – қадимий Усмон Мусҳафи жойлаштирилади. Шунингдек, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, Ўзбекхон, темурийлар ва бошқа тарихий сулолалар даврида битилган муқаддас китобимиз нусхалари ва уларнинг эски ўзбек тилидаги таржималари қўйилади. Жаҳондаги энг нодир қўлёзма Қуръонлардан намуналар ҳам ўрин олади” дейилади “ВВС” нашрида.
Мақолада ёзилишича, музей мажмуаси тўпламидан 2 мингдан ортиқ қўлёзма ва тарихий ашёлар ҳам ўрин олган бўлиб, уларнинг аксарияти сўнгги йилларда Ўзбекистонга қайтарилган.
Шунингдек, марказда таълим зонаси ташкил этилиб, унда Ўзбекистоннинг исломдан олдинги давридан то ҳозирги кунгача бўлган тарихига бағишланган виртуал ва сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда экспонатлар бўлади.
Ушбу ҳудуддаги бўлимлардан бирида ташриф буюрувчилар “жонли портретлар” деб аталадиган воситалар орқали дунёга машҳур тарихчи ва мутафаккирлар билан мулоқот қилиши мумкин. Марказнинг бошқа қисмларида 200 минг жилдли кутубхона, мамлакатдаги биринчи ихтисослаштирилган болалар музейи, ҳунармандчилик устахоналари ва реставрация лабораторияси мавжуд.
Нашрда қайд этилишича, “Йўқотилган маърифат: Марказий Осиёнинг олтин даври” китоби муаллифи Фредерик Старр мажмуани сайёҳлар учун ҳам, олимлар учун ҳам жозибадор марказ деб атаган. Бу ерда “бу минтақада минг йил олдин пайдо бўлган интеллектуал ва бадиий фаолиятнинг гуллаб-яшнаши” билан танишиш мумкин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси