Logo

Ўзбекистон ва Испания ишбилармонлик ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда

Февраль 05, 2026. 17:15 • 2 дақ

50
Ўзбекистон ва Испания ишбилармонлик ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда

МАДРИД, 5 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усмонов Испания Савдо палатаси президенти Хосе Луис Бонет Феррер билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот жараёнида томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг жорий ва истиқболли йўналишларини муҳокама қилди.

Испания Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги муҳим шерикларидан бири экани таъкидланди. Сўнгги олти йил ичида икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми деярли икки баравар ошди ва 2025 йил якунига кўра 106,4 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Шу билан бирга, товар айирбошлашнинг бугунги ҳажми икки мамлакат иқтисодиётининг салоҳиятини тўлиқ акс эттирмаяпти.

Савдо палатаси президенти Хосе Луис Бонет Феррер Ўзбекистонда савдони либераллаштириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва хорижий инвесторлар ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган таркибий ислоҳотлар ўз самарасини бераётгани, Испания ишбилармон доираларининг қизиқиши босқичма-босқич ортиб бораётганини таъкидлади.

Ўзбекистондаги меъёрий-ҳуқуқий муҳит, амалдаги солиқ ва божхона имтиёзлари, эркин иқтисодий зоналар, индустриал парклар ва тармоқ кластерлари инвесторлар учун жозибадор бўлмоқда.

Учрашув якунида амалий ва узоқ муддатли ҳамкорликка, тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини, мақсадли B2B учрашувлари ва бизнес-форумларни ривожлантиришга, жумладан, Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун испаниялик тадбиркорларни жалб қилишга кўмаклашиш ҳамда 2026 йилда Мадрид шаҳрида Ўзбекистон–Испания бизнес форумини биргаликда ташкил этишга интилиш тасдиқланди.

Таъкидлаш жоизки, Испания савдо палатаси (Cámara de Comercio de España) Испания ҳудудида 85 та ҳудудий палата ва Европа, Америка, Осиё, Африка ва Австралиянинг 40 дан ортиқ мамлакатларида 44 та хорижий ваколатхоналарни бирлаштирган миллий ташкилотдир. Палата Испания бизнеси манфаатларини ифодалайди, халқаро савдо ва инвестицияларни қўллаб-қувватлайди, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш ва иқтисодиётнинг барча тармоқларидаги компанияларнинг байналмилаллашувига кўмаклашади, хусусий сектор ва давлат ҳамда халқаро тузилмалар ўртасида воситачи бўлиб хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш