Logo

Ўзбекистон делегацияси Россиянинг Урал федерал округидаги ватандошлар билан учрашув ўтказди

Ноябрь 23, 2025. 12:02 • 3 дақ

211
Ўзбекистон делегацияси Россиянинг Урал федерал округидаги ватандошлар билан учрашув ўтказди

EКАТЕРИНБУРГ, 23 ноябрь. /"Дунё" АА/. 17-19 ноябрь кунлари "Ватандошлар" жамоат фонди раиси Одилжон Саттаров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Россиянинг Урал федерал округининг Челябинск, Свердловск ва Тюмен вилоятларида амалий ташриф билан бўлди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Делегация таркибидан тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек, мамлакатимиз маданият намояндалари ўрин олган бўлиб, улар ташриф давомида вилоятларда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ва маҳаллий олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ватандошлар билан учрашувлар, жумладан, Челябинск вилоятида "Avgust", "NPO Sad i ogorod" ва "Архитектор Platforma" компаниялари ходимлари билан суҳбатлар ўтказди.

Учрашувлар давомида Бош консул Жаҳонгир Парманов иштирокчиларнинг долзарб консуллик-ҳуқуқий саволларига жавоб берди, расмий ҳужжатларни расмийлаштириш тартибини тушунтирди ва Россия қонунчилигига риоя қилишга қаратилган профилактик суҳбатлар ўтказди. Ўз навбатида, "Ватандошлар" жамоат фонди раиси Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ватандошларни қўллаб-қувватлаш учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида cўзлаб берди.

Ташриф давомида Свердловск вилоятидаги "Профстрой" корхонаси ва "Averton snack" компаниясида 300 га яқин ватандошлар билан учрашувлар ўтказилди. Суҳбат чоғида патент олиш учун имтиҳон топшириш ва ишчилар учун рус тили курсларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек ўқинг

Бундан ташқари, ўзбек тилидаги бадиий, илмий ва бошқа адабиётлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш мақсадида иш ўринларида ўзбек миллий кутубхоналарини ташкил этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Бош консулхона ходимлари ва жамғарма вакиллари ўзаро ҳамкорликда кутубхоналар очиш чора-тадбирлари юзасидан келишиб олдилар.

Делегация аъзолари томонидан Екатеринбург шаҳрида мамлакатимиз Давлат байроғи қабул қилинганининг 34 йиллигига бағишланган байрам тадбири ташкил этилиб, унда 220 нафардан ортиқ ҳамюртларимиз иштирок этди. Ўзбекистон вакиллари йиғилганларни табриклаб, хориждаги ўзбекистонликларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсати билан таништирди. Тадбир таниқли санъаткор иштирокидаги концерт дастури ва Ватанга бағишланган шеърлар ўқилиши билан давом этди.

Шунингдек, делегация Тюмен вилоятида ҳам бўлиб, "Харизма" қурилиш компаниясида ишлаётган ўзбекистонликлар билан учрашди. Мулоқот чоғида консуллик-ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказилиб, маҳаллий қонун-қоидаларга риоя этиш бўйича тавсиялар берилди.

Ташриф якунлари бўйича ватандошларни қўллаб-қувватлаш, жумладан, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ҳужжатларни расмийлаштириш тартибини соддалаштириш, рус тилини ўрганиш курсларини ташкил этиш, шунингдек, тил, маданият ва анъаналарни сақлаб қолишга ёрдам берадиган ўзбек миллий кутубхоналарини яратиш бўйича устувор чора-тадбирлар белгиланди.     

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш