Logo

Россиянинг Свердловск вилоятида қийин аҳволда қолган оила Ўзбекистонга қайтарилди

Январ 26, 2025. 12:38 • 55 сония

165
Россиянинг Свердловск вилоятида қийин аҳволда қолган оила Ўзбекистонга қайтарилди

ЕКАТЕРИНБУРГ, 26 январь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси кўмагида Россиянинг Свердловск вилояти оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандошларимиздан иборат оила юртимизга қайтарилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Бош консулхонадан олинган маълумотга кўра, жорий йил 18 январь куни Ўзбекистон фуқароси М.З. оиласи оғир молиявий аҳволда қолгани сабабли ёрдам беришни сўраб мурожаат қилган.

Маълум бўлишича, М.З. ва унинг 2016, 2018 ва 2024 йилда туғилган фарзандлари оила бошлиғи томонидан вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Россиянинг Свердловск вилоятига олиб келтирилган.

Суриштирувлар натижасида М.З.нинг турмуш ўртоғи Б.Х. 6 январь куни рўйхатдан ўтмасдан ишлаётгани сабабли Свердловск вилояти ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан ўтказилган рейд тадбири давомида қўлга олингани ва Екатеринбург ИИБ қошидаги ХФВСМга жойлаштирилгани аниқланди.

Дипломатлар ХФВСМда бўлиб, Б.Х.нинг ҳолидан хабар олишди. Б.Х. маъмурий жавобгарликка тортилганидан сўнг қўйиб юборилди. Шундай бўлсада, оила қийин аҳволда қолаётгани сабаб Ўзбекистонга қайтишини билдирган.

Бош консулхона томонидан ушбу мурожаат ижобий ҳал этилиб, М.З. ва унинг 3 нафар вояга етмаган фарзандларига Екатеринбург-Тошкент авиарейси орқали Ўзбекистонга қайтиш учун чипта харид қилинди.

 Мазкур оила Екатеринбург шаҳридаги "Кольцово" халқаро аэропортидан Бош консулхона ходимлари иштирокида Тошкент шаҳрига кузатиб қўйилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш