Ўзбек дипломатлари Иорданиядаги талабалар билан онлайн мулоқот ўтказди
Апрель 14, 2026. 10:54 • 2 дақ
• 383
АММАН, 15 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Ар-Риёздаги элчихонаси томонидан Жаъмият ал-Улум ал-Исламия ал-Аламия ҳамда Иордания университетларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувнинг асосий мақсади талабаларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, таълим ва илмий ислоҳотлар ҳақида маълумот бериш, минтақада вазият кескинлашаётган шароитда шахсий хавфсизлик масалалари ҳамда консуллик ҳисобига туриш тартибини тушунтиришдан иборат бўлди.
Тадбир давомида иштирокчиларга Ўзбекистон янги тараққиёт босқичига қадам қўйгани, мамлакатни барқарор ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ва давлат дастурлари амалга оширилаётгани ҳақида маълумот берилди.
Бундан ташқари, етакчи таълим ва илмий марказлар – Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро маркази, Ҳадис илми мактаби ҳамда Халқаро ислом академияси томонидан яратилаётган имкониятларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Таълим соҳасидаги ютуқлар сифатида 80 дан ортиқ янги олий таълим муассасалари очилгани, хорижий университетлар филиалларида ўқиш имкониятлари кенгайгани қайд этилди.
Ўзбекистон босқичма-босқич йирик таълим марказига айланиб бораётгани, ёшлар учун таълим олиш ва касбий ривожланиш имкониятлари тобора кенгайиб бораётгани таъкидланди.
Учрашув давомида талабаларга таълимга масъулият билан ёндашиш, доимий равишда ўз устида ишлаш ва олган билимларини мамлакат тараққиёти йўлида самарали қўллаш тавсия этилди.
Иштирокчилар ёшлар учун яратилаётган шароитларни юқори баҳолаб, кўрсатилаётган эътибор ва қўллаб-қувватлаш учун миннатдорлик билдирди.
Шу билан бирга, талабаларга консуллик ҳисобига туриш зарурлиги тушунтирилди. Кўплаб фуқаролар бу тизимнинг афзалликлари ҳақида етарли маълумотга эга эмаслиги қайд этилди ва барчага ўз вақтида рўйхатдан ўтиши лозимлиги айтилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси