Logo

1–3 апрель кунлари Тошкетдаги “Ўзэкспомарказ” МККнинг барча павильонларида “Озиқ-овқат маҳсулотлари, ингредиентлар ва ишлаб чиқариш технологиялари – UzFood 2026” 25-юбилей халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади

Март 27, 2026. 19:10 • 3 дақ

80
1–3 апрель кунлари Тошкетдаги “Ўзэкспомарказ” МККнинг барча павильонларида “Озиқ-овқат маҳсулотлари, ингредиентлар ва ишлаб чиқариш технологиялари – UzFood 2026” 25-юбилей халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади

ТОШКЕНТ, 27 март. /“Дунё” АА/. 1–3 апрель кунлари пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” МККнинг барча павильонларида “Озиқ-овқат маҳсулотлари, ингредиентлар ва ишлаб чиқариш технологиялари UzFood 2026” 25-юбилей халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур кўргазма “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси ва унинг ҳамкори “ICA Eurasia Group” ташкилотчилигида ўтказилади.

UzFood озиқ-овқат саноати учун асосий бизнес платформа бўлиб, энг сўнгги ишланмалар, технологиялар ва саноат тенденцияларини намойиш этади.

25 йил ичида кўргазма Ўзбекистон озиқ-овқат бозорини ривожлантириш, юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари, замонавий ускуналар ва озиқ-овқат саноати учун инновацион ечимларни тарғиб қилишда муҳим воситага айланди.

Яқинлашиб келаётган юбилей кўргазмаси миқёси ва иштирокчилар географияси бўйича барча рекордларни янгилади: 26 мамлакатдан 500+ компания иштирок этиши кутилмоқда. Унда Германия, Беларусь, Россия, Корея Республикаси, Польша ва Таиланднинг етакчи миллий ва жамоавий экспозициялари бир майдонда бирлашади. Тадбирда Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Италия ва Малайзия каби мамлакатларнинг етакчи компаниялари иштироки кутилмоқда.

Анъанага кўра, кўргазмада профессионаллар учун барча маҳсулотлар ингредиентлар ва ускуналардан тортиб тайёр маҳсулотларгача намойиш этилади.

Кўргазманинг асосий бўлимлари: гўшт ва парранда гўшти; сут маҳсулотлари; қандолат маҳсулотлари; баққоллик; ичимликлар; озиқ-овқат ингредиентлари; озиқ-овқат саноати учун ускуналар.

26-халқаро “Қадоқлаш. Ускуналар ва материаллар O‘ZuPACK 2026” кўргазмасида қадоқлаш, тақсимлаш ва қуйиш ускуналари, қадоқлаш материаллари, идишлар, ёрлиқлар ва бир марталик идишлар намойиш қилинади.

Шунингдек ўқинг

“Bakery Uzbekistan” ихтисослаштирилган бўлимида нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш технологиялари ва ускуналари тақдим этилади.

Кўргазманинг энг талабгир элементларидан бири анъанавий “Riteyl Маркази” – озиқ-овқат етказиб берувчилари ва харидорлар ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориладиган ноёб майдондир. 2019 йилдан бери муваффақиятли фаолият юритиб келаётган ушбу бўлим янги мавсумда тармоқлар харидлари марказига айланади.

Иштирокчилар географиясининг кенгайиши ва ритейлерлар сонининг икки баравар кўпайиши тўғридан-тўғри шартномалар тузиш учун қўшимча имкониятлар яратади. Россия чакана савдо тармоқларининг дебют иштироки ташқи савдо алоқаларини ривожлантириш ва экспорт-импорт айланмасини ошириш учун янги истиқболларни очади.

Тармоқлар харидлари маркази доирасида озиқ-овқат ва ичимликлар ишлаб чиқарувчилари ва чакана савдо тармоғи вакиллари ўртасида маҳсулотларни пештахталарга етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри “B2B” форматида музокаралари ўтказилади.

Шунингдек, бизнес дастурига кўра, маҳорат дарслари, янги ускуналар тақдимотлари ташкил этилади. Бу жараёнда намойиш қилинган технологиялар Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ва савдога жорий этилади.

Қўшимча маълумот олиш учун, “Iteca Exhibitions” матбуот хизматига мурожаат қилинг.

Тел: +99871 205-18-18, +99894 800-18-18.

E-mail: pr@iteca.uz, www.iteca.uz.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш