Ўзбекистон ва Туркия ўртасида маънавий-маърифий соҳада ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Апрель 08, 2026. 12:14 • 2 дақ
• 128
АНҚАРА, 10-апрель. /“Дунё” АА/. Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Туркия ёзувчилар уюшмаси ўртасида соҳада ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида меморандум имзоланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Анқарада бўлиб ўтган тадбирда икки мамлакат ўртасидаги кўп асрлик тарихий ва маънавий алоқаларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Иштирокчилар мазкур келишув шунчаки рамзий ҳужжат эмас, балки аниқ лойиҳалар билан мустаҳкамланадиган стратегик йўл харитаси экани алоҳида таъкидлади.
Тадбирда сўзга чиққанлар, Ўзбекистон ва Туркия муассасалари ўртасидаги мазкур ҳамкорлик бутун туркий дунёда маданий-маънавий интеграцияни янада кучайтириш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этиши қайд этди.
Томонлар меморандум доирасида 2026 йилнинг ўзида қатор қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди. Хусусан, қўшма адабий тадбирлар ташкил этиш, ёзувчилар ўртасидаги ижодий алоқаларни кенгайтириш, қўшма нашрлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, маданий дастурлар ишлаб чиқиш каби йўналишлар устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Ёшлар билан ишлаш масаласи ҳам ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида эътироф этилди. Бу борада, ёш авлодни миллий ва маънавий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган таълим ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, талабалар ва академик алмашинув дастурларини рағбатлантириш, қўшма симпозиумлар ва турли маданий тадбирларни ташкил этиш ҳам ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари сифатида белгиланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси