Logo

Ўзбек компаниялари учун Британия бозорида янги имкониятлар очилмоқда

215
Ўзбек компаниялари учун Британия бозорида янги имкониятлар очилмоқда

ЛОНДОН, 5 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов бошчилигидаги делегациянинг Лондонга ташрифи доирасида Британия ишбилармонлари билан қатор учрашувлар бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокараларда Британия Савдо палатаси вакиллари, жумладан, халқаро ва маҳаллий компаниялар билан ишлаш бўйича директор Анна-Мария Мартин, Лондон Савдо палатаси бош директори Карим Фатехи, Мусулмонлар савдо форуми раиси Иқбол Сакрани ҳамда халқаро департамент раҳбари Кояс Мия иштирок этди.

Суҳбат жараёнида асосий эътибор Ўзбекистон ва Буюк Британия ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилди. Томонлар Ўзбекистон компанияларини Британия бозорига олиб чиқиш, бизнесни қўллаб-қувватлаш механизмлари ва тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, электротехника ва тўқимачилик саноати, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, заргарлик соҳаси ҳамда туризм ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.

Музокараларда Ўзбекистоннинг инвестиция ва туризм салоҳиятини Британия бозорида тарғиб қилиш, шунингдек, мамлакат миллий брендини мустаҳкамлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувлар якунида томонлар ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма бизнес миссияларини ташкил этиш ва Ўзбекистон компанияларининг Буюк Британия бозорига киришини қўллаб-қувватлаш бўйича келишувга эришди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш