Logo

Тошкент вилояти делегацияси Польшада самарали музокаралар ўтказди

Февраль 24, 2024. 18:53 • 57 сония

282
Тошкент вилояти делегацияси Польшада самарали музокаралар ўтказди

ВАРШАВА, 25 февраль. /«Дунё» АА/. Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев бошчилигидаги делегация Польшага ташрифи давомида ушбу мамлакатнинг етакчи кампаниялари раҳбарлари билан самарали музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Хусусан, Мазовия воеводлигига сафар давомида «Fruit family» корхонаси раҳбари Ежи Грзиб билан музокаралар бўлиб ўтди.  Маълум қилинишича, компания ҳозирги кунда 50 дан ортиқ давлатларга, жумладан Ўзбекистонга олма ва бошқа мева маҳсулотларини экспорт қилмоқда.


Музокаралар натижасида «Fruit family» билан Тошкент вилояти Оҳангарон туманида интенсив боғ ташкил қилиш ва олмани қайта ишлаш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишиб олинди.


Польшанинг «Polpharma Group» компанияси раҳбари ўринбосари Себастиан Шиманек билан кечган мулоқотда Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш масаласини ишлаб чиқиш истиқболлари хусусида фикр алмашилди.


 «Bank Pekao S.A.» банки департамент директори Дмитрий Кушнеров билан бўлиб ўтган суҳбатда эса Тошкент вилоятида сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига эътибор қаратилди. Поляк томони қурилиш лойиҳаларини узоқ муддатли молиялаштириш масалаларини кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилди.


Ўзбекистон делегацияси вакиллари, шунингдек, Польшада логистика, IT, савдо, электротехника, озиқ-овқат ва бошқа йўналишларда фаолият олиб бораётган 10 дан ортиқ ўзбек тадбиркорлари билан учрашди.  Унда манфаатли сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш ва Польшага миллий маҳсулотларнинг экспорт ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш