Деҳли шаҳрида ўтказилган анжуманда Ўзбекистон томонидан БМТ Иқлим ўзгариши бўйича конференциясида илгари сурилган ташаббуслар тақдим қилинди

Декабрь 15, 2023. 07:39 • 2 дақ

317
Деҳли шаҳрида ўтказилган анжуманда Ўзбекистон томонидан  БМТ Иқлим ўзгариши бўйича конференциясида илгари сурилган ташаббуслар тақдим қилинди

ДЕҲЛИ, 15 декабрь. /"Дунё" АА/. Ҳиндистон пойтахтида бўлиб ўтган сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш мавзусига бағишланган халқаро симпозиумда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан яқинда Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясида илгари сурилган ташаббуслар мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўзлаб берилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур анъанавий тадбир Ҳиндистоннинг Sarkaritel.com ахборот портали томонидан ушбу мамлакат вазирлик ва идоралари, БМТ тузилмалари ва турли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказиб келинади.

Сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш, иқлим ўзгаришига қарши биргаликда курашиш ва бошқа долзарб экологик масалалар халқаро анжуман иштирокчилари диққат марказида туради.

Анжуман иштирокчилари Ўзбекистонда экологик муаммолар ечимига қаратилган тизимли чора-тадбирлар кўрилаётгани, ушбу масалалар мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ҳам ўз ифодасини топаётгани, давлатимиз раҳбари БМТ Иқлим ўзгариши бўйича конференциясидаги нутқида мазкур долзарб мавзуга жаҳон ҳамжамияти эътиборини яна бир бор қаратгани ҳақидаги маълумотни катта қизиқиш билан кутиб олди.

Шунингдек ўқинг

Президент Шавкат Мирзиёев иқлим муаммолари барқарор ривожланиш йўлида энг асосий таҳдидга айланиб улгургани, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари Орол фожиаси туфайли Марказий Осиёда айниқса жиддий сезилаётганини алоҳида таъкидлагани урғуланди.

Минтақамизда ҳаво ҳароратининг ошаётгани, фавқулодда иссиқ кунлар сони ортаётгани, музликлар майдонининг учдан бир қисми йўқолгани, ичимлик суви тақчиллиги, ҳаво ифлосланиши, биохилма-хиллик йўқолиши, қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги пасайиши каби муаммолар аҳоли турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди.

Халқаро тадбирда Ўзбекистон Марказий Осиё иқлим мулоқоти платформасида Адаптация стратегиясини ишлаб чиқаётгани, БМТ резолюцияси асосида Оролбўйи ҳудудини экологик офат зонасидан инновациялар, технологиялар ва янги имкониятлар минтақасига айлантираётгани юқори баҳоланди.

Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилган долзарб ташаббусларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши янада барқарор, фаровон ва хавфсиз келажакни таъминлаш мақсадларига хизмат қилиши таъкидланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш