Logo

Қатарнинг тиббиёт соҳасига ихтисослашган йирик компанияси Ўзбекистондан малакали шифокор ва ҳамшираларни ишга қабул қилади

Январ 19, 2024. 07:49 • 2 дақ

1993
Қатарнинг тиббиёт соҳасига ихтисослашган йирик компанияси Ўзбекистондан малакали шифокор ва ҳамшираларни ишга қабул қилади

ҚАТАР, 19 январь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Қатарнинг «Elegancia Healthcare» компанияси вакиллари ўртасида онлайн музокаралар ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Онглайн-учрашув давомида «Elegancia Healthcare» компаниясининг Қатарда фаолият юритаётган шифохоналарида инглиз тилида эркин сўзлаша оладиган ўзбекистонлик малакали шифокор ва ҳамшираларни ишга қабул қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Хориж томонига Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграцияси тизимини такомиллаштириш, унинг ташкилий шаклларини кенгайтириш, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет давлатларга кетаётган фуқароларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларини тадбиркорлик ва меҳнат фаолиятига жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Қатар томони биринчи босқичда 50 нафар ходимни суҳбат асосида ишга қабул қилишга, кейинчалик яна 20 кишини жалб қилишга тайёрлигини маълум қилди. Суҳбатдан муваффақиятли ўтганлар иш фаолиятини бошлашдан олдин Қатар шифохоналарида ташкил этилган қисқа муддатли ўқув-амалий курсларда малака оширишлари таъкидланди.

Бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва «Elegancia Healthcare» компанияси ўртасида мазкур соҳада ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисида келишув имзолашга келишиб олинди.

«Elegancia Healthcare» Қатарнинг «Power International Holding» компанияси таркибига киради. Ташкилот жами 840 та ўрин, 250 та юқори малакали шифокор ва 400 дан ортиқ ҳамшираларга эга 4 та йирик кўптармоқли шифохоналарга эгалик қилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш