Logo

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигидаги лойиҳалар муҳокама қилинди

Февраль 27, 2026. 09:41 • 2 дақ

466
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигидаги лойиҳалар муҳокама қилинди

БРЮССЕЛЬ, 1 март. /“Дунё” АА/. Европа парламенти биносида “Ислоҳотлар ва ҳамкорлик: Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг янги кун тартиби” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Европа парламентининг Ўзбекистон бўйича доимий маърузачиси Илхан Кючюк, Европарламент депутатлари, сиёсий маслаҳатчилар, ЕИ институтлари ва таҳлилий марказлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Анжуман давомида Ўзбекистон делегацияси томонидан Янги Ўзбекистон стратегияси доирасида амалга оширилаётган демократик янгиланишлар, иқтисодиётни либераллаштириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини кучайтириш борасидаги ислоҳотлар натижалари тақдим этилди. Шунингдек, мамлакатимизнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ташаббуслари алоҳида қайд этилди.

Европалик шериклар Марказий Осиёнинг Европа учун ортиб бораётган геоиқтисодий аҳамиятини алоҳида эътироф этди. Хусусан, 2025 йил 24 октябрь куни имзоланган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим икки томонлама муносабатларда муҳим тарихий босқич бўлгани таъкидланди. Ушбу ҳужжат савдо, инвестиция, транспорт ва муҳим хомашё ресурслари соҳаларида мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.

Европарламент вакиллари Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг изчиллиги ва тизимлилигига юқори баҳо бериб, бу жараёнлар Европа бизнеси учун ўзбек бозорининг жозибадорлигини ошираётганини таъкидлади. Мулоқотда Европа ва Осиё ўртасидаги транспорт ва энергетика боғлиқлигини ривожлантиришда Ўзбекистоннинг стратегик роли, хусусан, Транскаспий транспорт йўлагини илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар “Erazmus+” ва “Уфқ Европа” дастурлари доирасидаги илмий ҳамкорлик, рақамлаштириш, сунъий интеллект, “яшил иқтисодиёт ва меҳнат миграцияси соҳаларида алоқаларни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.

Тадбир ЕИнинг “Глобал дарвоза” (Global Gateway) стратегияси доирасида йирик инфратузилмавий ва инвестициявий лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга бўлган юксак қизиқишни яна бир бор тасдиқлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш