Ўзбекистонлик спортчилар Бутунжаҳон ёзги универсиада ўйинларида иштирок этмоқда
Июль 18, 2025. 12:30 • 2 дақ
• 48
ДУЙСБУРГ, 18 июль. /"Дунё" АА/. Германияда Бутунжаҳон ёзги универсиада ўйинлари бошланди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Жорий йилги Бутунжаҳон ёзги универсиада ўйинлари 16-27 июль кунлари Германиянинг Бохум, Дуйсбург, Эссен, Мюлҳайм ан-дер-Рур, Ҳаген ва Берлин шаҳарларида бўлиб ўтмоқда.
Талабалар ўртасида дунёдаги энг йирик спорт мусобақаларидан бирига айланган ушбу мусобақада 150 та давлатдан 8 минг 500 га яқин талаба-спортчи 18 та спорт тури бўйича беллашяпти. 16 июль куни мамлакатнинг Дуйсбург шаҳридаги муҳташам "Schauinsland-Reisen-Arena" стадионида ёзги Универсиада ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Универсиада ўйинларида Ўзбекистон делегацияси 11 спорт турида юртимизнинг 18та олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 53 нафар спортчи талабалар билан иштирок этмоқда. Кеча мамлакатимиз спортчилари сузиш, теннис, бадиий гимнастика ва сувга сакраш спорт турларидан баҳсга киришди.
Турнир дастурига 15 та мажбурий спорт тури, жумладан бадминтон, баскетбол, енгил атлетика, сузиш, қиличбозлик, теннис ва бошқалар, шунингдек, учта ихтиёрий спорт тури, яъни 3х3 баскетбол, пляж волейболи ва эшкак эшиш кирган. Спорт тадбирларидан ташқари, бой маданий ва маърифий дастур меҳмонлар эътиборига ҳавола этилади. Шунингдек, 17-19 июль кунлари Бохумда Бутунжаҳон конференцияси бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, 15 июль куни Эссен шаҳрида "Байроқлар майдони"нинг очилиши бўлиб ўтди. У ерда бутун дунё ёшлари бирлиги ва дўстлиги рамзи сифатида барча иштирокчи давлатлар байроқлари кўтарилди. "Рейн-Рур 2025" ўйинлари нафақат спорт, балки фан ва маданий алмашинувлар байрамига айланди.
Бутунжаҳон ёзги универсиада ўйинлари Бутунжаҳон университетлар спорти федерацияси (FISU) томонидан ҳар икки йилда бир маротаба ёзги ва қишки босқичларда ташкил этиладиган дунёдаги энг йирик талабалар мусобақаси ҳисобланади. Биринчи универсиада ўйинлари 1923 йилда Парижда бўлиб ўтган. Ёзги Универсиада 1959 йилдан бери мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда ва илк бор Италиянинг Турин шаҳрида ташкил этилган. FISU мақсади – бу спорт, маданиятлараро мулоқот ва илм-фан орқали дунёнинг турли бурчакларидан келган талабаларни бирлаштиришдир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Россия ОАВ: Ўзбекистонлик шахматчи жаҳон кубогининг энг ёш ғолибига айланди
Ёнғин-қутқарув спорти бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон вакиллари совриндор бўлди
Ўзбекистон Миллий паралимпия терма жамоаси халқаро турнирда муносиб иштирок этди