Самарқандда триатлон бўйича ҳарбийлар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионатининг жамоавий баҳслари ғолиблари аниқланди
Август 20, 2025. 12:22 • 2 дақ
• 207
САМАРҚАНД, 20 август. /"Дунё" АА/. Шу йилнинг 17-21 август кунлари Самарқанд шаҳридаги "Ipak yo'li" халқаро туризм марказида ҳарбийлар ўртасида триатлон бўйича 25-жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда, деб хабар беряпти "Дунё" АА мухбири.

Жаҳон чемпионати Халқаро ҳарбий спорт қўмитаси шафелигида Ўзбекистон Мудофаа ва Спорт вазирликлари, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда мамлакатимиз Триатлон федерацияси томонидан Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ўтказилди.
Унда Ўзбекистон, Бельгия, Канада, Испания, Франция, Германия, Словения, Швейцария, Қатар, Россия, Эрон, Португалия, Қозоғистон каби 13 давлатдан 120 нафар энг кучли спортчи ўзаро беллашдилар.
Мусобақа дастури учта классик йўналишни ўз ичига олди: очиқ сувда 750 метрга сузиш, халқаро трек бўйлаб 19 километрга велоспорт ва Самарқанднинг гўзал тарихий марказидан ўтган йўналиш бўйлаб 5 километр масофада югуриш.
Бугун 25-жаҳон чемпионатининг жамоавий (МИХ) баҳсларининг ғолиблари аниқланди. Унда 13 мамлакат спортчилари эстафета тартибида 300 метрга сузиш, 6 километр велосипед пойгаси ва 1,6 километрга югуриш бўйича беллашди.
Мусобақа шартларига 2 нафар эркак ва 2 нафар аёл спортчиларидан иборат жамоалар медаллар учун кураш олиб борди.
Якуний натижаларга кўра, Швейцария жамоаси (1:19:08) биринчи ўринни эгаллади. Франция (1:19:53) иккинчи, Россия вакиллари (1:20:02) учинчи натижани қайд этишди. Ўзбекистон жамоаси (1:23:52) эса ушбу йўналишда тўртинчи бўлди. Кучли бешликни Бельгия жамоаси (1:27:27) якунлаб берди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Россия ОАВ: Ўзбекистонлик шахматчи жаҳон кубогининг энг ёш ғолибига айланди
Ёнғин-қутқарув спорти бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон вакиллари совриндор бўлди
Ўзбекистон Миллий паралимпия терма жамоаси халқаро турнирда муносиб иштирок этди