Ўзбекистон ва Хитойнинг Гонконг махсус маъмурий ҳудуди ўртасида ўзаро визасиз тартиб ўрнатиш масаласи муҳокама қилинмоқда
Декабрь 13, 2024. 11:33 • 2 дақ
• 283
ПЕКИН, 13 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Хитойнинг Гонконг махсус маъмурий ҳудуди ҳукуматининг Пекиндаги ваколатхонаси вакиллари билан музокара ўтказдилар, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ваколатхонанинг Иммиграция ишлари бўйича раҳбари Вонг Вей-ки Ксариер билан консуллик – ҳуқуқий соҳадаги икки томонлама ҳамкорликка оид масалалар, Гонконг махсус маъмурий ҳудудида мавжуд миграция қоидалари, хусусан икки томонлама сайёҳлик алмашинувини ривожлантириш бўйича истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
Музокаралар чоғида, шунингдек, Гонконг махсус маъмурий ҳудудининг виза сиёсати, томонлар фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда Ўзбекистон ва Гонконг ўртасидаги соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий базани кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Гонконг томонига сўнгги йилларда дунёнинг бошқа мамлакатлари билан визаларни либераллаштириш борасида эришилган ижобий натижалар ҳақида сўзлаб берилди.
2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистонда хитойликлар, шу жумладан, Хитойнинг махсус маъмурий ҳудудлари – Гонконг ва Макао фуқаролари учун 10 кунгача визасиз режим амал қилиб келаётгани таъкидланди. Шунингдек, жорий йил 1 декабрь куни Чэнду шаҳрида "Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида ўзаро визадан озод қилиш тўғрисида"ги Битим имзоланганлиги маълум қилинди. Ҳозирда мазкур ҳужжат кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички ҳуқуқий процедураларидан ўтказилаётганлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон томони ўз фуқаролари учун Гонконг махсус маъмурий ҳудуди билан виза талабларидан ўзаро озод этиш тўғрисида келишувга эришишни мақсад қилгани билдирилди.
Вонг Вей-ки Ксариер Ўзбекистондаги сиёсий, иқтисодий ўзгаришлар, хусусан, туризмни ривожлантириш, тадбиркорлик ва хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, айниқса, сўнги йилларда дунё мамлакатлари билан визаларни либераллаштириш борасида олиб борилган самарали натижаларни юқори баҳолади.
"Гонконг томони ҳам Ўзбекистон билан барча соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, амалий натижадорликни ошириш, хусусан, ўзаро фуқаролар алмашинувини кенгайтириш ва туризм соҳасини изчил ривожлантиришдан бирдек манфаатдор", деди у.
Соҳага оид олдинда турган масалаларни биргаликда ҳал этиш бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Хорватия ва Сербияда бўлиб турган ёки кетаётган Ўзбекистон фуқаролари диққатига!
Бокуда қийин аҳволга тушиб қолган юртдошимиз ватанга қайтарилди
Ўзбекистон дипломатларининг Канадага ташриф доирасида миграция масалалари муҳокама қилинди