Logo

Латвияга ташриф буюрадиган учинчи давлат фуқаролари учун аввалдан хабардор қилиш тартиби жорий этилмоқда

Август 30, 2025. 13:48 • 2 дақ

314
Латвияга ташриф буюрадиган учинчи давлат фуқаролари учун аввалдан хабардор қилиш тартиби жорий этилмоқда

РИГА, 30 август. /"Дунё" АА/. Латвия Имиграция тўғрисидаги қонунига ўзгартишлар киритилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Янги тартибга кўра, шу йил 1 сентябрь санасидан бошлаб Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари томонидан берилган шенген визаси ёки яшаша гувоҳномаси билан Латвияга ташриф буюрадиган учинчи давлат фуқаролари, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари учун аввалдан хабардор қилиш тартиби жорий этилмоқда.


Унга кўра, Латвия томонидан расмийлаштирилган виза ёки яшаш гувоҳномаси эга бўлмаган учинчи давлат фуқаролари Латвияга сафар қилишларидан камида 48 соат аввал "eta.gov.lv" сайти орқали ўзлари ҳақида тегишли маълумотларни тақдим этишлари лозим. Бу мажбурият Латвия орқали транзит ҳаракатланувчи шахсларга ҳам тадбиқ этилади.


Латвияга ташриф буюрувчи шахс шахсан ўзи "eta.gov.lv" сайти орқали сўралган маълумотларни тақдим этади ҳамда тегишли тасдиқ электрон манзилига келиб тушишини кутиши лозим.


Латвия Ички ишлар вазирлиги расмий сайтида эълон қилинган маълумотга кўра, тақдим этилиши лозим бўлган маълумотлар сирасига қуйидагилар киради:


-сафар (кириш) мақсади;


-режалаштирилган туриш вақти ва жойи;


-сафар йўналиши;


-алоқа маълумотлари;


-шахс ёки унинг қариндоши эгаллаб турган сайланадиган лавозимларда фаолият юритиши;


-сайловда номзод сифатида қатнашганлиги;


-давлат ёки маҳаллий ҳокимият органларида амалдорлик (ҳозирги ёки собиқ) мақоми;


-Қуролли кучлар, махсус хизматлар, чегара қўшинлари, божхона, ички ишлар, адлия ёки ташқи ишлар (шу жумладан дипломатик) хизматларда фаолият олиб борганлик ҳақидаги маълумотлар.


Латвия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, агар хорижлик ушбу маълумотларни тақдим этмаса ёки нотўғри/тўлиқ бўлмаган маълумот берса, маъмурий жавобгарликка тортилади.


Янги кириш тартиби дипломатик иммунитетга эга шахсларга, расмий вазифаларни бажариш ёки техник қўллаб-қувватлаш мақсадида қисқа муддатга Латвияга келаётган шахсларга тааллуқли эмас.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш