Ўзбекистонлик ёш мутахассислар учун Қувайт меҳмонхонасида амалиёт ўташ ва ишлаш имконияти яратилади

Сентябрь 25, 2026. 17:00 • 2 дақ

• 227
Ўзбекистонлик ёш мутахассислар учун Қувайт меҳмонхонасида амалиёт ўташ ва ишлаш имконияти яратилади

АЛ-КУВАЙТ, 25 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Қувайтнинг “Courtyard by Marriott” меҳмонхонаси вакиллари ўртасида ўзбекистонлик талаба ва битирувчиларнинг меҳмонхона соҳасида амалиёт ўташи ва ишга жойлашиши бўйича онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Суҳбат жараёнида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, мамлакатнинг Қувайтдаги элчихонаси, Миграция агентлиги ва Касб-ҳунар таълими агентлиги мутахассислари ҳамда “Marriott International” халқаро меҳмонхоналар тармоғи бренди ҳисобланган “Courtyard by Marriott” вакили иштирок этди.

Томонлар Ўзбекистоннинг касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари талабалари ҳамда битирувчиларини амалиётга жалб қилиш ва кейинчалик меҳмонхонага ишга жойлаштириш истиқболларини кўриб чиқди.

Меҳмонхона вакилининг таъкидлашича, номзодларни танлашда туризм ва техник мутахассисликлар бўйича касбий тайёргарликка, инглиз тилини билиш даражасига алоҳида эътибор қаратилади.

Ишга қабул қилинган ходимлар турар жой, уч маҳал овқат, транспорт ва тиббий суғурта билан таъминланади. Меҳнат шартномаларини бир йил муддатга тузиш режалаштирилган.

Ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида томонлар ўзаро англашув меморандумини тайёрлашга келишиб олди. Меҳмонхона бўш иш ўринлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари тўғрисида маълумот тақдим этади, шундан сўнг Миграция агентлиги иш изловчиларни дастлабки саралашдан ўтказади.

Учрашув якунлари бўйича томонлар кейинги қадамларни, жумладан, меморандум лойиҳасини тайёрлаш ва келишиш, бўш иш ўринлари рўйхатини аниқлаштириш ҳамда кейинчалик номзодларни танлашни бошлашни белгилаб олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш