Қатарда ўзбекистонлик мутахассислар учун янги иш имкониятлари очилмоқда
Апрель 09, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 322
ДОҲА, 17 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан “Youth Globe” хусусий бандлик агентлиги ва Қатарнинг “Candidzone” компанияси вакиллари ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.
Музокараларда дипломатлар, “Youth Globe” раҳбари Шерзод Эшмуратов, “Candidzone” бош директори Манхар Муҳаммад ва ташқи ёллаш бўйича менежер Муҳаммад Синар қатнашди.
Суҳбат давомида томонлар Ўзбекистон ва Қатар компаниялари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва унинг асосий йўналишларини белгилашга келишиб олди. Яқин кунларда элчихона кўмагида “Youth Globe” ва “Candidzone” ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланиши режалаштирилган.
Шунингдек, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университети ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети битирувчиларини Қатардаги меҳмонхона ва хизмат кўрсатиш соҳаларига юқори маошли ишларга жойлаштириш тизимини яратиш кўзда тутилмоқда. Суҳбатлар онлайн ёки офлайн шаклда ўтказилади, ҳужжатларни расмийлаштириш эса “Candidzone” томонидан амалга оширилади.
Бундан ташқари, Тошкентдаги Миллат умиди университетида тил ўрганаётганлар, “Ҳамад” шифохонаси ва Қатарнинг бошқа тиббиёт муассасаларида таҳсил олган мутахассисларни иш билан таъминлаш режалаштирилган.
Яна бир келишувга кўра, “Youth Globe” ва Қатарнинг “Jusur” давлат рекрутинг ташкилоти ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга келишилди.
Умуман олганда, бу ҳамкорлик ўзбекистонликлар учун халқаро меҳнат бозорида янги имкониятлар яратади ва Қатардаги меҳмонхона, хизмат кўрсатиш ҳамда тиббиёт соҳаларига малакали кадрлар жалб қилишга ёрдам беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси