Logo

Россиянинг Приморск ўлкасидаги етакчи компания Ўзбекистон маҳсулотлари экспорти ва миграция бўйича ҳамкорликка тайёр

Март 05, 2025. 16:00 • 2 дақ

125
Россиянинг Приморск ўлкасидаги етакчи компания Ўзбекистон маҳсулотлари экспорти ва миграция бўйича ҳамкорликка тайёр

ВЛАДИВОСТОК, 5 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари Россиянинг Приморск ўлкасидаги қурилиш ва балиқ ва денгиз маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритувчи компания "Edelweiss" МЧЖ бош директори Людмила Беззубкина музокара ўтказдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ушбу учрашув Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 17 октябрдаги "Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Людмила Беззубкина компания томонидан бугунги кунга қадар қурилиб фойдаланишга топширилган 10 дан ортиқ турар-жой ва бизнес марказлари ҳамда ҳозирги кунда қурилиш ишлари олиб борилаётган турар-жой комплекслари тўғрисида маълумот берди. Шунингдек, компаниянинг Камчатка ўлкасидаги балиқ ва денгиз маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи йирик заводи фаолияти таништирилди. "Бугунги кунда бир нечта хорижий давлатларга балиқ ва денгиз маҳсулотларини экспорт қилиб келяпмиз. Компания Ўзбекистонга балиқ ва денгиз маҳсулотларини экспорт қилган ҳолда мамлакатингиздан маиший техника, текстиль, гилам, мева-сабзавот, қуритилган мевалар ва бошқа маҳсулотларни Приморск ўлкасига тўғридан-тўғри импортини йўлга қўйишни режалаштиряпти. Ушбу йўналишда ўзбек ҳамкорлар билан биргаликда ишлаш икки томон учун ҳам манфаатли бўлади", деди у.

 Мулоқот чоғида, шунингдек, компанияга тегишли балиқ ва денгиз маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи заводга Ўзбекистон фуқароларини ишга қабул қилиш имкониятлари хусусида фикр алмашилди. Россия томони Ўзбекистон фуқароларини қонуний тарзда иш билан таъминлашга тайёрлигини ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини тасдиқлади.

Учрашув сўнгида компания вакилларининг меҳнат миграцияси ва иқтисодий соҳалардаги янги лойиҳаларни келишиш учун Ўзбекистонга бизнес-миссиясини уюштиришга келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш