Бурятиядаги қурилишда ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқаросининг жасади ватанга жўнатилади, иккинчи ҳамюртимиз шифохонага ётқизилди

Май 13, 2026. 20:11 • 2 дақ

71
Бурятиядаги қурилишда ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқаросининг жасади ватанга жўнатилади, иккинчи ҳамюртимиз шифохонага ётқизилди

НОВОСИБИРСК, 13 май. /“Дунё” АА/. 2026 йил 8 май куни Бурятия Республикаси пойтахти Улан-Уде шаҳрида қурилаётган кўп қаватли турар-жой биносининг 7-қаватидан икки нафар Ўзбекистон фуқароси йиқилиб, жиддий жароҳат олди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, зудлик билан Бурятия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан доимий алоқа ўрнатилган ва вазият алоҳида назоратга олинган.

Аниқланишича, минорали кран бошқарувчиси эҳтиётсизлик оқибатида қурилиш ҳавозаларига шикаст етказган, натижада қурилмада хавфсизлик камарисиз бўлган фуқаролар пастга қулаган.

Шунингдек ўқинг

Жабрланганлардан бири оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган, иккинчи фуқаро, афсуски, вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бурятия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 217-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Бош консулхона томонидан Миграция агентлигининг Новосибирск шаҳридаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда вафот этган фуқаронинг жасадини Ўзбекистонга жўнатиш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш