Ўзбекистон делегацияси Малайзияда Бутунжаҳон туризм куни муносабати билан ўтказилган тадбирларда қатнашди
Сентябрь 30, 2025. 16:41 • 2 дақ
• 40
КУАЛА-ЛУМПУР, 30 сентябрь. /"Дунё" АА/. Шу йилнинг 26-28 сентябрь кунлари Малайзиянинг Малакка шаҳрида Бутунжаҳон туризм кунига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"БМТ-туризм" ташкилоти, Малайзия Туризм, санъат ва маданият вазирлиги ҳамда Малакка штати администрацияси томонидан ташкил этилган тадбирларда Ўзбекистон Туризм қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакилларидан иборат мамлакатимиз делегацияси, шу жумладан туризм соҳаси мутахассислари, ишбилармон доира вакиллари, туризм ассоциациялари ва компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
"БМТ-Туризм" ташкилоти Бош котиби Зураб Пололикашвили Бутунжаҳон туризм куни ва 7-Бутунжаҳон туризм конференцияси иштирокчиларини қутлади. У бу йилги "Туризм ва барқарор ривожланиш" мавзусидаги тадбирлар туризмнинг ижтимоий тараққиёт, иқтисодий ўсиш ва атроф-муҳит муҳофазасига хизмат қилиши мумкинлигини таъкидлади.
Малайзия Бош вазири ўринбосари Фадиллоҳ бин Юсоф эса маданий ва табиий меросни сақлаб қолган ҳолда туризмнинг жозибадорлигини таъминлаш учун самарали бошқарув, стратегик режалаштириш ва инклюзив сиёсат зарурлигига урғу берди.
Тадбирлар доирасида Малайзия Туризм, санъат ва маданият вазир Тионг Кинг Синг билан учрашув ўтказилди. Унда икки мамлакат ўртасидаги туризм соҳасида ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, шу йил 27-29 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган "Ипак йўлида туризм – 2025" Тошкент халқаро туризм ярмаркасида Малайзия делегациясининг иштироки юзасидан фикр алмашилди.
1980 йилдан бери ўтказиб келинаётган Бутунжаҳон туризм куни ҳар йили туризмнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожланиш "драйвери" сифатидаги аҳамиятини эслатиб туради. Бутунжаҳон туризм конференцияси эса халқаро етакчилар, сиёсатчилар ва соҳа экспертларига билим, ғоялар алмашиш ва долзарб муаммоларга инновацион ечимлар топиш учун муҳим платформа ҳисобланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Наманган вилояти делегацияси хитойлик ишбилармонлар билан туризм бўйича келишувларга эришди
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди
Будапештда Ўзбекистон туризм имкониятлари бўйича акция ўтказилди
Польшанинг Реда шаҳрида ўзбек туризм соҳаси эътироф қилинди
Немис экспертлари Ўзбекистондаги туризм имкониятларини юқори баҳолади