Logo

Самарқандда жойлашган янгиланган Имом Бухорий мажмуаси зиёратчилар ва сайёҳлар учун муҳим марказга айланмоқда

Март 23, 2026. 13:00 • 2 дақ

75
Самарқандда жойлашган янгиланган Имом Бухорий мажмуаси зиёратчилар ва сайёҳлар учун муҳим марказга айланмоқда

САМАРҚАНД, 23 март. /“Дунё” АА/. Самарқанд Марказий Осиёнинг энг муҳим маънавий ва сайёҳлик марказларидан бири сифатида ўз мақомини яна бир бор тасдиқламоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон Туризм қўмитаси томонидан ташкил этилган пресс-тур мамлакатимизнинг энг йирик маънавий-маърифий ва зиёрат марказларидан бири - 19 март куни Президент Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасидан бошланди.

Буюк ислом олими Имом ал-Бухорий ҳазратларига бағишланган ушбу мажмуа нафақат Ўзбекистон тарихида, балки бутун мусулмон оламида алоҳида эътиборга молик маскан ҳисобланади. Зеро, у зот Ислом динида Қуръони Каримдан кейинги иккинчи энг муҳим ва мўътабар манба сифатида эътироф этилган ҳадислар тўплами - «Саҳиҳул Бухорий» асарининг муаллифидирлар.

Давлат раҳбарининг ташаббуси билан мажмуа тўлиқ реконструкция қилиниб, алломанинг юксак маънавий мақомига ва мамлакатимизда зиёрат туризмининг жадал ривожланиши натижасида ортиб бораётган зиёратчилар оқимига мос равишда сезиларли даражада кенгайтирилди.

Бугунги кунда мажмуа ҳудуди қарийб 45 гектарни ташкил этади. Бу ерда 10 минг нафар намозхонни ўз бағрига олувчи муҳташам масжид, маъмурий бинолар, 154 та устундан иборат миллий услубдаги айвон ҳамда обод сайргоҳлар барпо этилди.

Шунингдек ўқинг

Мажмуа инфратузилмасига алоҳида эътибор қаратилиб, унга туташ 15 гектар майдонда меҳмонхоналар ва оилавий меҳмон уйларини ўз ичига олган замонавий сайёҳлик кластери барпо этилди.

Илгари мажмуа кунига 12 минггача зиёратчини қабул қила олган бўлса, модернизациядан сўнг натижа беш баробарга кенгайди: кунига 65 минг кишига етди. Бу Самарқанднинг зиёрат туризми маркази сифатидаги салоҳиятини сезиларли даражада мустаҳкамлайди.

Меҳмонларга қулайлик яратиш мақсадида замонавий сайёҳлик маркази, хизмат кўрсатиш объектлари, кенг автотураргоҳ ҳамда тўлиқ янгиланган муҳандислик коммуникациялари фаолият кўрсатмоқда.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган пресс-тур 24 мартга қадар давом этади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш