Ўзбекистон дипломатлари Германиядаги ватандош талабаларни қўллаб-қувватлаш тизимини кенгайтирмоқда
Апрель 30, 2026. 19:11 • 2 дақ
• 239
ФРАНКФУРТ-МАЙН, 30 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси вакиллари ушбу шаҳарда ўқиётган ўзбек талабалари билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ёш ватандошлар асосан Гёте университети, Франкфурт амалий фанлар университети, Молия ва менежмент институти, Фрайбург, Кобленц, Гейдельберг ва Дармштадт шаҳарларидаги олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда.
Учрашувнинг асосий мақсади талабалар билан бевосита мулоқот қилиш, ўқиш ва яшаш шароитлари билан танишиш ҳамда уларни қизиқтирган масалаларни муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Суҳбат давомида талабаларнинг мурожаатлари, таклифлари ва муаммолари кўриб чиқилди. Айниқса, таълим, жамиятга мослашиш ва келажакдаги касбий ривожланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳар бир талаба ўзини таништириб, қаерда ўқиётгани ва қайси йўналишда таҳсил олаётгани ҳақида маълумот берди. Бу Германиядаги ўзбек талабаларининг таркибини яхшироқ тушунишга ёрдам берди.
Шунингдек, таълим ва касбий алмашинув, талабаларнинг консуллик билан ҳамкорлиги, консуллик ҳисобида туриш, ҳуқуқий ва ахборот ёрдами олиш, турли маиший ва ҳужжат билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Талабалар ўзбекистонлик ёшлар ўртасида алоқаларни кучайтириш, янги таълим ва ёшлар лойиҳаларини йўлга қўйиш ҳамда Германия ташкилотлари ва университетлари билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклифлар билдиришди.
Учрашувда икки давлат университетлари ўртасида алмашинув дастурларини йўлга қўйиш ва Германиядаги ўзбек талабалари учун нетворкинг платформаси яратиш фикри илгари сурилди.
Юртдошлар ташаббуси билан “Ўзбекистонлик ёшлар клуби” фаолиятини қайта тиклашга келишиб олинди. Бу клуб Германиядаги ўзбек ёшларини бирлаштириш ва уларнинг илмий ҳамда ижодий лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади. Клуб раҳбарини сайлаш ва ишчи гуруҳни шакллантириш масаласи кейинги учрашувда кўриб чиқилади.
Талабалар 30 июнь – Ёшлар кунини Франкфурт атрофида табиат қўйнида (сайр ёки пикник шаклида) нишонлашни таклиф қилишди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси