Францияда ўзбекистонлик рассом-иллюстраторнинг ижод намуналари намойиш қилинди
Апрель 30, 2026. 18:54 • 2 дақ
• 173СЕНТ-ЖЕНИ-ПУЙИ, 1 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси вакиллари Франциянинг Сент-Жени-Пуйи шаҳрида истиқомат қилаётган ватандошлар билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув доирасида ватандошимиз, рассом-иллюстратор Наргис Каримованинг арт-студияси тақдимоти бўлиб ўтди. Галерея хорижда истиқомат қилаётган ёш авлод ҳамда француз жамоатчилиги орасида ўзбек маданиятини тарғиб қилиш ва миллий анъаналарни асраб-авайлаш мақсадида ташкил этилган.
Наргис Каримова болаларга ўзбекча мотивлар ва сюжетлар асосида сурат чизишни ўргатади, мунтазам равишда маҳорат дарслари ўтказиб келмоқда. Ҳозирда ёш иштирокчилар миллий санъат намуналари билан танишмоқда. Галерея майдони ўзбек эртак ва афсоналаридан илҳомланиб чизилган ёрқин суратлар билан безатилган.
Рассом фаолиятида “Оқ теракми, кўк терак” ва “Тошкент” номли болалар китобларини нашр этиш алоҳида ўрин эгаллайди. Бу китобларни ватандошларимизнинг фарзандлари катта қизиқиш билан ўқиб, ўзбек фольклори ва анъаналари билан танишмоқда. Ушбу китоблар тўрт тилда — ўзбек, рус, инглиз ва француз тилларида нашр қилинган. Бу эса уларни кенг халқаро аудиторияга етказиш ҳамда турли мамлакатлар ўқувчиларини юртимиз маданияти ва руҳияти билан таништириш имконини беради.
Тадбир самимий ва дўстона руҳда ўтиб, диаспора вакиллари учун мулоқот қилиш, янгиликлар алмашиш ва ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш майдонига айланди. Иштирокчилар бундай ташаббуслар маданий ўзига хосликни сақлаш ва миллий қадриятларни ватандан йироқда яшаётган ёш авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Рассом-иллюстратор Наргис Каримова учрашувда қатнашган ҳамюртлар ва меҳмонларга тадбир таассуротлари ва ижоди ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– 20 йилдан бери Сент-Жени-Пуйи шаҳрида яшайман. Касбим – рассом-иллюстратор. Бу ерга кўчиб ўтиш нафақат ҳаётимда, балки ижодимда ҳам муҳим босқич бўлди. Вақт ўтиб, Францияда ўзбек маданиятини оммалаштириш мақсадида ўз санъат студиямни ташкил этиш ғояси туғилди. Ҳозирда “Ватандошлар” жамоат фонди кўмагида “Оқ теракми, кўк терак” ва “Тошкент” китобларимни итальян тилида нашр этиш устида ишлаяпман.
Санъат, китоблар ва тасвирий образлар орқали мен болалар ва француз жамиятини Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, унинг анъаналари ва муҳити билан таништиришга ҳаракат қиламан.
Францияда яшаб, маданий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётганимдан ва француз жамоатчилигини ўзбек маданияти билан таништираётганимдан чин дилдан фахрланаман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




