МАГАТЭ билан ҳамкорликда ЖИДУ магистратура талабалари учун онлайн семинар ўтказилди
Март 21, 2026. 13:12 • 2 дақ
• 100
ВЕНА, 21 март. /“Дунё” АА/. Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети (ЖИДУ) ҳамкорлигида онлайн семинар ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбир халқаро ҳуқуқ йўналишида таҳсил олаётган магистратура талабалари учун соҳанинг ўзига хос жиҳатларини ўрганишда муҳим платформа вазифасини ўтади.
Семинарда МАГАТЭ эксперти Кристелле Дриллат ядровий ҳуқуқнинг асосий тамойиллари, Агентликнинг ушбу соҳадаги глобал роли ҳамда ядровий технологиялардан тинч мақсадларда фойдаланиш ва ҳарбий йўналишлар ўртасидаги мувозанатни сақлаш механизмларига тўхталиб ўтди. Шунингдек, халқаро шартномалар тизими ва хавфсизликни таъминловчи ҳуқуқий кафолатлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистоннинг Венадаги дипломатик ваколатхонаси вакиллари ўз чиқишларида мамлакатимиз ва МАГАТЭ ўртасидаги изчил ҳамкорлик, миллий қонунчиликда ядровий ҳуқуқ нормаларини такомиллаштириш ҳамда халқаро ташкилотлар билан шериклик истиқболларини баён этди.
ЖИДУ раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари ядровий ҳуқуқнинг замонавий халқаро хавфсизлик тизимидаги стратегик аҳамияти ҳақида гапириб, бу каби машғулотлар бўлажак дипломат ва ҳуқуқшуносларнинг профессионал малакасини оширишда муҳим эканини таъкидлади.
Мулоқот якунида талабалар ядровий технологияларнинг тинч мақсадларда қўлланилиши ва қуролларни тарқатмаслик режимига оид ўзларини қизиқтирган саволларга МАГАТЭ мутахассисидан жавоб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси