Logo

Ўзбекистон дипломатлари Чеченистонда таҳсил олаётган юртдошларимиз билан учрашдилар

Октябрь 12, 2023. 17:10 • 58 сония

970
Ўзбекистон дипломатлари Чеченистонда таҳсил олаётган юртдошларимиз билан учрашдилар

 РОСТОВ-ДОН, 12 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бош консуллиги ходимлари Россиянинг Чечен Республикасига амалга оширган ишчи ташрифи доирасида Грозный давлат нефть технологиялари университетида таҳсил олаётган ватандош талабалар билан учрашув ўтказдилар, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Грозный давлат нефть технологиялари университети 1920 йилда ташкил этилган. Мазкур университет нефть ва газ, шунингдек, соҳавий технологиялар мутахассислиги бўйича етук кадрларни тайёрлаб берувчи Россиядаги номдор ўқув муассасаларидан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда мазкур олий таълим муассасасида 80 дан ортиқ юртдошларимиз таҳсил олмоқда.

Учрашув чоғида самарали ишлаш тизимини мустаҳкамлаш ва академик ҳамкорлик истиқболлари юзасидан университет раҳбарияти ҳамда ватандошлар билан фикр алмашилди.

Ўзбекистон дипломатлари, ўз маърузаларида, нефть саноати жаҳон иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бири эканлигини эътироф этган ҳолда Ўзбекистонда ҳам ушбу жабҳа жадал ривожланаётганини билдирдилар. Мамлакатимизда малакали мутахассисларни тизимли тайёрлашга оид давлат даражасидаги таълим ва бевосита ишлаб чиқариш тизими шаклланганлиги алоҳида қайд этилди.

Грозный давлат нефть технологиялари университети раҳбарияти Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан нефть ва газ соҳасида академик ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг кенг имкониятлари мавжудлигини таъкидлашди.

Ватандош талабалар билан кечган мулоқот давомида, шунингдек, уларнинг саволларига батафсил жавоб берилди. Жумладан, амалиёт жараёнини Ўзбекистондаги корхоналарда ўташ ва келгусида ишга жойлашиш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш